Моҳир фотожурналист, жонкуяр инсон Исмат Ҳасанов 85 ёшида вафот этди

Исмат Ҳасанов 1940 йил 10 мартда Пахтачи туманидаги Бойтўп қишлоғида туғилган эди. Ўрта мактабни битириб, 1959 йилда Нарпай туманидаги “Учқун” газетаси босмахонасида чоп этувчи (печатник) бўлиб иш бошлаган. 1962 йилдан бошлаб ушбу газетада фотосуратчи этиб ишга қабул қилинган.

И.Ҳасанов 1962 йилдан 1974 йилга қадар Нарпай туман “Пахтакор овози” газетасида, 1974 йилдан янги ташкил этилган Пахтачи туман “Пахтачи” газетасида фотомухбир бўлиб ишлади. Унинг қўлидан асло фотоаппарат тушмасди. Нафақага чиққунга қадар “Пахтачи” газетасидан ташқари собиқ “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”), “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”) ва бошқа нашрларга долзарб суратлар юбориб турди. Шу давргача у кишининг фотоаппаратига муҳрланган суратлар музейларни обод қиладиган даражага етган.

Қарийб ярим аср қўлидан фотоаппаратини қўймаган И.Ҳасанов нафақага чиққач “Тадбиркор” маҳалласининг жонкуяр фахрийларидан бири бўлди.

Устоз журналист, моҳир сураткаш, қадрдон ҳамкасбимизнинг хотираси қалбимизда мангу яшайди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими,

Пахтачи тумани ҳокимлиги,

“Пахтачи” газетаси жамоаси.