Мол-мулкнинг кадастр ҳужжати бўлмаса, ким қанча солиқ тўлайди?

Ўтган йилгидан фарқли равишда бу йил солиқни ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги белгиланди. Агарда мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаса, мол-мулк шартли қийматда Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида 210 миллион сўм, бошқа шаҳарлар ҳамда қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида ҳисобланадиган бўлди. Шундай бўлса-да, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдагига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. 

Шунингдек, солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланганлик учун жисмоний ва юридик шахслар икки ҳисса кўпроқ жарима тўлайдиган бўлди. Демак, бундай бўлмаслиги учун албатта, мол-мулкнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш зарур. 
Юқоридаги қарорга асосан объектнинг кадастр қийматини ҳисоблаш ишлари республика Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ўтказилади. Шунингдек, қурилаётган, эгаси номаълум, фойдаланишга яроқсиз бўлган кўчмас мулк объектлари учун кадастр қиймати ҳисобланмаслиги белгиланган. Келтирилган қарор билан тасдиқланган низомга асосан, кўчмас мулк объектларининг кадастр қиймати умумий ишлатиладиган майдоннинг бир квадрат метри, ҳудудий тузатиш ва эскириш коэффициентлари асосида ҳисобланади. Ҳозирда вилоятдаги 628 минг 486 та кўчмас мулк объектларида қайта ҳисоблаш ишлари олиб борилмоқда. 

Жумладан, Паст Дарғом туманида ҳам бу борада арзирли ишлар амалга оширилди. 
– Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги "2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида"ги қарорига асосан, тумандаги барча кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказиб бўлинди, – дейди вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Паст Дарғом туман филиали бошлиғи Олим Исматов. – Натижада, туманимизда қарийб 4 мингга яқин рўйхатдан ўтмаган объектлар аниқланиб, улардан бюджетга қўшимча равишда 4 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тушумлари ундириладиган бўлди. Филиалимиздаги 41 нафар ходим бир йил давомида 68 минг 152 объектни хатловдан ўтказиб, қарийб 24 мингтасининг кадастр ҳужжатларини тайёрлади ва 15 мингтасига эгалик ҳуқуқи белгиланиб, давлат рўйхатига олинди. Объектларни хатловдан ўтказишда дастлаб юқоридаги қарорга асосан, энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида давлат божи ундирилган бўлса, 2017 йил 1 июлдан кадастр хизматлари марказлашган тизимга ўтди ва 1 сентябрдан бошлаб кадастр ҳужжатларини тайёрлашда бино ички ўлчови умумий майдонининг 1 квадрат метри учун республикамизда амалда бўлган энг кам иш ҳақининг 1,25 фоизидан 1 фоиз миқдорида тўлов ундириладиган бўлди. Яъни, бинонинг ҳар бир квадрат метри учун ҳозирги кунда 2153 сўм миқдорида давлат божи ундирилади. Мисол учун, 200 квадрат метр уйи бор киши уй-жойига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун ўртача 430 минг сўм давлат божи тўлайди. 

Маълумот учун, мамлакатимизда белгиланган 2018 йилги солиқ ставкаларидаги ўзгаришларга асосан, шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 дан 500 квадрат метргача бўлган тураржой ва квартираларга кадастр қийматининг 0,25 фоиз миқдорида, майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган тураржой ва квартиралар учун эса 0,35 фоиз миқдорида, бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган тураржой ва квартиралар, дала ҳовли қурилмалари учун 0,25 фоиз миқдорида солиқ солинади. Кадастр ҳужжатлари бўлмаган тақдирда шартли сумманинг 0,2 фоизи миқдорида солиқ ундирилади.