Молия бош бошқармаси пулларни ўз вақтида ўтказиб берган. Муаммо бошқа ташкилотларда

Жорий йилнинг 26 июль куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналида «Пандемия даврида тиббиёт ходимларига 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилмагани аниқланди» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Ушбу мақолага жавобан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Самарқанд вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик марказига 2020 йилда коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш тадбирлари учун жами 50,99 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунга қадар 49,41 миллиард сўмлик тадбирлар учун шартномалар тузилди ва 38,86 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди (шартнома тузилмаган қолдиқ маблағ 1,6 миллиард сўм).

Шу жумладан, ойлик лавозим маошларига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун 10,112 миллиард сўм маблағ молиялаштириб берилган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20-сонли йиғилиш баёнининг 1-иловаси билан “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик Низом тасдиқланган.

Мазкур низомнинг 8-бандида назарда тутилган рўйхатга кирган Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Агентлик ва ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик (СЭО) марказлари, шунингдек, бўйсунувидаги ташкилотларнинг ҳамда тегишли ҳудудда жойлашган хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган ходимларнинг рўйхатлари (лавозими, фамилияси (исми ва шарифи) кесимида шакллантирилган табеллар (иш ҳақи бериш учун ведомостлар) уларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланган ҳолда тегишлилиги бўйича соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармаларига ҳар 5 кунда тақдим этиб борилиши белгиланган.

Шундан сўнг соғлиқни сақлаш бошқармалари, Агентлик ва ҳудудий СЭО марказлари тегишлилиги бўйича тақдим этилган ходимлар рўйхати асосида тегишли буйруқ қабул қилиб, талабномаларни жамлаган ҳолда лавозими, фамилияси (исми ва шарифи) кесимида шакллантирилган табеллар (иш ҳақи бериш учун ведомостлар) молия органларига тўлаш учун талаб этиладиган маблағларни жалб қилинган ходимларнинг асосий иш жойи ҳисобланган муассаса (ташкилот) учун очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига молия органлари томонидан ўзгартириш киритиш орқали амалга оширилади.

Молия органларига (2020 йил 13 июль ҳолатида) тақдим қилинган охирги сўровномалар асосида соғлиқни сақлаш бошқармасига жами 463,4 миллион сўм ва вилоят СЭО марказига 1110,8 миллион сўм тўлиқ молиялаштириб берилган.

Самарқанд вилояти молия бош бошқармаси ахборот хизмати.