Москвада меҳнат мигрантларини коронавирусга қарши эмлаш бошланди

Россия Федерациясининг Сахарово номидаги Кўп тармоқли миграция марказида меҳнат мигрантларини «Спутник Лайт» вакцинаси билан COVID-19 га қарши эмлаш бошланди.

Москва шаҳри мэриясининг маълум қилишича, мигрантларни эмлаш Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш бўйича федерал хизматининг буйруғида кўрсатилган соҳаларга тегишли иш берувчиларнинг талабномасига биноан амалга оширилади.

Кўп тармоқли миграция марказидаги эмлаш пункти соат 9.00 дан 21.00 гача ишламоқда ва кунига 2 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқотлар маркази томонидан ишлаб чиқилган бир компонентли «Спутник Лайт» вакцинаси бир дозаси нархи 1300 рублни ташкил қилади. Бу иш берувчи томонидан тўланиши керак.