МСКнинг Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлимида сайлов жараёнларининг боришига бағишланган брифинг ўтказилди

Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлимида сайлов жараёнларининг боришига бағишланган брифинг ўтказилди.

Вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриевнинг таъкидлашича, Самарқанд вилоятидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 16 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60 нафар, шаҳар ва туманлар кенгашларига 480 нафар депутатлар сайлаб олинади.

Маълум сабабларга кўра, сиёсий партиялар томонидан вилоят кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган 6 нафар номзод, шаҳар ва туманларга қўйилган 36 нафар номзод ўз аризасига биноан номзодлигини қайтариб олган.

Бугун тонгдан вилоятимиздаги 1052 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланди.

Сайлов жараёнларида Самарқанд вилояти бўйича жами 2 миллион 47 минг 353 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Улардан 200 минг нафарга яқинини сайловда илк бор иштирок этаётган ёшлар ташкил этади.

Айни пайтга қадар жиддий қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида вилоят сайлов комиссиясига мурожаат келиб тушмади.

Брифингда С.Нуриев соат 13.00 гача 923 мингдан зиёд сайловчи овоз берганлигини маълум қилди. Шундан 423 мингдан зиёдини хотин-қизлар ташкил этиши ва 132 мингдан ортиқ ёш сайловчилар жараёнларда биринчи марта иштирок этгани айтиб ўтилди.

Сайлов жараёнлари давом этмоқда.

Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлими.