Муддатида тўланмаган иш ҳақлари ундириб берилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ходимларни ишга тиклаш, иш ҳақлари ундириб бериш билан боғлиқ ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича тизимли тадбирлар кўриляпти. Бу ҳақда МИБнинг вилоят бошқармаси катта инспектори Адҳам Рашидов Zarnews.uzга маълум қилди.
Унинг айтишича, Бюронинг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида жорий йилнинг ўтган 4 ойида жами 3,1 млрд. сўмлик иш ҳақлари ундириб бериш билан боғлиқ ҳужжатлар мавжуд бўлиб, олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 2,5 млрд. сўм иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланган.
Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2023 йил 17 мартдаги суд буйруғига кўра, фуқаро Д.А.га "Қишлоққурилишбанк" АТБ Самарқанд филиалидан 30 млн. сўм иш ҳақини ундириб бериш кўрсатиб ўтилган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушиб, олиб борилган ҳаракатлар давомида иш ҳақи қарздорлиги даъвогарга ундириб берилиши таъминланди.
Иш ҳақларини ундириб бериш билан боғлиқ ижро ҳаракатлари давом этмоқда.