Мудҳиш қотиллик фош этилди: "Қўқон-Тошкент" йўналиши бўйлаб қатновчи ҳайдовчини меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси ўлдиргани аниқланди

Жорий йилнинг 5 январь куни Фарғона вилояти Данғара туманида яшаган 1962 йилда туғилган марҳум Камолжон Юлдашев ўзига тегишли бўлган “Cobalt” автомашинасида «Қўқон-Тошкент» йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида яшаш хонадонидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Бедарак йўқолган К.Юлдашев бошқарувида бўлган бўлган “Cobalt” автомашинаси 8 январь куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри, Янгиобод маҳалласи ҳудудида, унинг мурдаси эса тан жароҳатлари билан “Aнгрен” дарёси қирғоғидан топилган эди.

Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ҳамда прокуратура ходимлари томонидан олиб борилган қидирув суриштирув ишлари давомида мазкур мудҳиш жиноят иши фош этилди.

Ушбу жиноятнинг 1998 йилда туғилган, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси У.Ё. томонидан содир этилганига етарли маълумот ва далиллар тўпланиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Гумонланувчи У.Ё. айбига иқрорлигини ўз аризасида ҳам баён қилган.

Шунингдек, суриштирувлар давомида гумонланувчи У.Ё.нинг Оҳангарон ва Олмалиқ шаҳарларида содир этган бошқа (ўғирлик) жиноятлари ҳам фош этилган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур жиноят ишлари юзасидан Оҳангарон шаҳар ИИБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.