Бошқарувда нима муҳим?: Яхши номзод ва такомил бошқарув тизими

Шу йил 2 августда Zarnews.uz да "Бошқарувда нима муҳим: яхши раҳбарми ёки яхши тизим?" мақоласи берилди. Уни ўқиб, айрим фикрларимни билдиришни лозим топдим.
Ҳар қандай жамият тараққиётининг даражасини, менимча, икки ҳолат белгилайди: такомиллашган бошқарув тизими ва идорага раҳбарлик қиладиган шахс.
Мустақиллик йилларида республикамизда давлат ҳокимияти ва бошқарув тизими тарихий анъаналар асосида шаклланди. Президент институти таъсис этилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилди ва такомиллашди. Умумхалқ сайловларида давлат раҳбари муддатма-муддат сайланмоқда. Маҳаллий ҳокимият идораларининг ҳуқуқий мақоми аниқланиб, уларнинг ҳамжиҳат фаолият юритиши йўлга қўйилди. Бунинг натижасида халқ хўжалигининг барқарор ривожи таъминланмоқда.
Шу билан бир қаторда, бошқарув идоралари раҳбарларининг тармоқ бўйича мутахассислиги, ишини ва ўз хизмат бурчини яхши билиши, фидойилиги, ватанпарварлиги, инсонпарварлиги, малакали ҳодимларни қўллаб-қувватлаши, маънавий дунёқараши, сиёсий-мафкуравий онги даражаси, тадбиркорлиги, касби ва лавозимига содиқлиги, ташаббускорлиги, саъй-ҳаракатининг натижадорлиги ҳам муҳим.
Мақола муаллифи “Бошқарув тизимининг асосий талаби – ҳар кимнинг вазифасини аниқлаб бериш ва унинг ижроси учун ҳар кимда масъулиятни ошириш”, деган ғояни илгари суради. Бу жудаям тўғри фикр. Лекин “ҳар кимнинг вазифасини” ким ва қайси ҳужжатда аниқлаб беради?
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидаги қирқ йиллик фаолиятим давомида вилоятнинг кўп ташкилотлари, туман ва шаҳарлардаги корхона ҳамда муассасаларда бўлганман. Улар раҳбарлари ва ходимлар билан ишлаш бўйича масъуллари мулоқотида қатнашганман. Ҳозир ҳам корхона юрисконсульти лавозимида ишлаш жараёнида хизмат зарурияти туфайли қатор бошқарув идоралари раҳбарлари билан алоқага киришишимга тўғри келади.
Бундай мулоқотлардан маълум бўлишича, қатор бошқарув идораларида ҳалигача ходимларнинг хизмат вазифасини аниқлаб берувчи ички меъёрий ҳужжат қабул қилинмаган. Натижада улар раҳбарларнинг кундалик топшириқларини бажариш билан овора. Ҳатто раҳбар ва унинг ўринбосарларининг хизмат бурчи ҳамда иш учун масъулияти (жавобгарлиги) тизимли равишда йўлга қўйилмаган.
Аксарият корхона, муассаса ва ташкилотларда “Ички меҳнат тартиби қоидалари” ва “Ходимларнинг вазифалар тақсимоти” ишлаб чиқилмаган. Мазкур меъёрий ҳужжатлар Меҳнат кодексининг талабларига биноан ҳар бир бошқарув органи, корхона, муассаса ва ташкилотда бўлиши шарт.
Бошқарув идорасининг ҳуқуқий мақоми акс этган низом ёки уставни ҳам тополмайсиз. Топилиб қолсаям, бундан ўттиз йил олдин тасдиқланиб, рўйхатга олинган ҳужжатга кўзингиз тушади. Ваҳоланки, ўтган даврда ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳаётда қанча ўзгаришлар бўлиб, қанчадан-қанча ҳуқуқий ҳолатлар юзага келди?! Биргина уяли телефонни олайлик. Мамлакатимизда уяли телефондан фойдаланиш тўғрисидаги қонун мудом қабул қилинмаган.
Баъзи бошқарув идораларига борсангиз, ўта муҳим ва тезкор ҳолда ечимини кутаётган масала юзасидан масъул ходимга мурожаат қилишдан олдин унинг қабулига кириб, уяли телефонда турмуш ўртоғи, фарзанди ёки дўсти билан сўзлашуви тугашини ярим соатлаб кутиб ўтирасиз.
Мен ҳалигача бирон бир идорада уяли телефондан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги буйруқ ёки бошқа меъёрий ҳужжат қабул қилинганлигининг гувоҳи бўлганим йўқ. Тўғри, прокуратура, ички ишлар, суд органлари ва ҳокимият биноларига кирувчи фуқаролар уяли телефонларини қоровулхона ёки қўриқлаш ташкилоти ходимига топшириб киради. Лекин ушбу ташкилотлар ичкарисида хизмат қилаётган ходимлар фуқаро мурожаатини тинглаш ўрнига уяли телефонда (баъзан иккита уяли телефонда) узоқ муддат оила аъзоси ёки яқини билан гаплашиб, кайфиятингизни бузади.
Ходимларнинг фуқаролар мурожаатига бунга ўхшаш бефарқ муносабати юзага келишининг олдини олиш учун масъул – раҳбар. Агар раҳбар ўзининг гарданига юклатилган вазифани масъулият билан ҳис этса, унинг қалбида ишга нисбатан фидойилик, ватанпарварлик, халқпарварлик фазилатлари тўлақонли шаклланган бўлса, юқоридагидек салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўради, шунда меҳнатда натижадорлик кўзга ташланади, ишда тартиб ўрнатилади, унум бўлади. Бу эса ўз навбатида мамлакат иқтисодиётида, жамиятнинг маънавий ҳаётида тезда кўзга ташланади.
Бошқарув тизими такомил бўлиб, унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш бевосита шу бўғин раҳбари малакаси, тарбияси ва дунёқарашига боғлиқ. Бунинг учун эса бошқарув идораси раҳбари (унинг ўринбосарлари)ни танлаш, тарбиялаш ва тайинлаш муҳим аҳамият касб этади. Афсуски, сўнгги пайтда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда жиддий хатоларга йўл қўйилмоқда. Вилоят электр тармоқлари корхонасига банкир шахс раҳбар қилиб қўйилса, бошқа бир банк бошқарувчиси вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи этиб тайинланса, истеъфога чиққан ҳарбий хизматчи таълим муассасасига директорлик қилса ёки бозорга раҳбарлик қилса, соҳа (иши) орқага кетмайдими, ҳеч бўлмаганда бузилиб, тўхтаб қолган поезд локомотивига ўхшаб қолмайдими?!
Вилоят халқ таълими бошқармасида сўнгги икки йил ичида тўрт марта раҳбар ўзгарди. Вилоят электр тармоқларида икки йилда учта раҳбар алмаштирилди. Бундай “ўхшашлик” вилоят мактабгача таълим бошқармасида ҳам рўй берди.
Мақола муаллифи ҳудудларнинг секторларга бўлиниши тизими ҳақида куюнчаклик билан фикр юритиб, “... бу тизимнинг турмушимизга сингиб кетиши мушкулга ўхшайди”, деган хулосасига қўшиламан. Жойларда фуқароларнинг улар тўртинчи сектор штабига мурожаат қилганида “Бу масала биринчи сектор ваколатига киради, у ерга боринг”, деган важларни эшитиб, қайтиб келганлиги, биринчи сектор штабига қадам қуйиши билан “Сизнинг маҳаллангиз тўртинчи сектор ҳудудига киради, ўз секторингизга боринг”, деган тавсиялар олганлигидан нолиётганлиги қулоққа чалинади.
Халқимиз инсонпарвар, ҳуқуқий демократик жамият қуришни олий мақсад қилиб қўйган. Ушбу мақсадга эришиш учун Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бундай жамиятда ҳар бир бошқарув тизими қонун ҳужжатларида ваколатига берилган вазифалар билан шуғулланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Солиқ идоралари давлат бюджетини шакллантириш билан, ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва тезкор жиноят-қидирув фаолияти билан, прокуратура қонунларнинг бир ҳилда бажарилишини назорат қилиш билан шуғулланса, нур устига нур бўлади.
Аста-секин давлат бошқарувининг барча жабҳаларида бевосита раҳбарнинг масъулиятини ошириш, уларнинг қайсидир сектор раҳбарига суяниб қолиш “касали”дан ҳоли қилиб, аниқ соҳа учун жавобгарлигини ошириш лозим.
Мақолада муаллифнинг яна бир фикри менга маъқул келди, яъни “...тармоқлар тизими пухта бўлмаса, яхши раҳбар ҳам зўриқади. Зўриқиш эса қўшиб ёзиш ва ўзини кўрсатишга, оқлашга интилишга йўл очади”.
Ушбу хулосага қўшимча қилиб, “Зўриқиш коррупция ва уюшган жиноятчиликнинг дарвозасини ланг очади, жамиятда адолатсизликни юзага келтиради”, демоқчиман.
Юқорида баён этилган мулоҳазаларга якун қилиб, “Бошқарувда нима муҳим?” деган саволга “Раҳбарликка яхши номзод ва такомил бошқарув тизими муҳим”, дея жавоб бермоқчиман.
Йўлдош СУЮНОВ,
меҳнат фахрийси, ҳуқуқшунос.