Мулк талашган қариндошлар: Йўқликданми, тўқликданми ёки илмсизликдан?

- Амаким билан қўшни яшаймиз, - дейди пайариқлик мурожаатчи. – Отам дунёдан ўтгандан кейин уй-жойимиз менга мерос қолди. Бизга ер ажратиш учун ҳоким қарори, кадастр йиғма жилди ва ҳаттоки, давлат хизматларидан рўйхатдан ҳам ўтгандик. Яқинда амаким ҳовлисини девор билан ўраш пайтида бизнинг ҳовлимизга тегишли ердан ҳам анча қисмини эгаллаб олди…
Амакимга бир неча бор тушунтирдим, уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари борлигини, бу қонунга тўғри келмаслигини айтдим. Аммо амаким «Ўзаро келишув бўлса бўлди, кадастр нимага керак, сенга бунча ер нега керак? Менинг янги қурган уйимнинг «плани» тўғри чиқиши учун ер камлик қиляпти», деди. Отам ўтиб кетган бўлса, мени суянчиғим йўқ. Амаким қариндош бўлса, у киши билан ер талашишим эл олдида уят эмасми?
Шу тумандан келган яна бир мурожаатда уйнинг кадастр ҳужжати, ҳоким қарори ва мулк давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказилган бўлишига қарамай, бу уй-жой бошқа фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ўзлаштирилгани билдирилди.
- Мен бошқа туманда ишлайман ва ойда икки маротаба уйга келаман, аёлим ҳам давлат ишида ишлайди, фарзандларим мактабда ўқийди, - дейди яна бир мурожаатчи. – Бир пайтлар қишлоқларда ўлчаб берилган участкага даладан яна қўшиб олиш авж олганди. Бизга ўлчанган ердан кейин фермернинг майдони бошланади, уларнинг ҳар қарич ери ҳисобли. Хуллас, биздан олдинги қатордагилар йўлнинг ҳисобидан бир неча метр ерни ўзларининг участкасига қўшиб олди. Йўл эса кичрайди. Одам бор жойда тўй-маърака бор, дедимда бир неча йил олдин ўз ҳисобимдан икки метрга яқин ерни йўлга қўшдим. Ўтган йили шу кўчада яшовчилар биз уйда йўқлигимизда ўзбошимчалик билан томорқамдаги дарахтларни кесиб, яна анча ерни йўлга қўшибди. Ишдан келиб, ерни жойига тўғрилаб қўйсам улар яна шу ерни йўлга қўшишибди. Хуллас, улар билан анча вақт низолашиб юрдик. Маҳалла раиси ҳам, маҳалла нозири ҳам келди, лекин улар йўлни ҳақиқатда ўзлаштирганларни ёқлашди, бирортаси уй ҳужжатини сўрашмади ҳам. Мен энди йўлга қўшилган ер учун ҳам солиқ тўлаяпман. Ишонган вакиллар халқни алдаса, оддий одамлар кимга ишонади?
Бу мурожаатлар Пайариқ туманидаги фуқаролар томонидан билдирилган арзларнинг бир қисми, холос. Туманда кадастр соҳасида муаммолар мавжуд, эҳтимол бошқа туманларда ҳам шу каби камчиликлар бордир. Лекин бир нарса ажабланарли. Яқин ўн йилликда бир неча бор уй-жойлар хатловдан ўтказилди, ноқонуний қурилмалар бартараф этилди, янгидан рўйхатдан ўтган уй-жойлар солиқ базасига киритилди. Ҳисоботларда маҳаллалар тўлиқ хатловдан ўтказилганлиги билдирилди. Бироқ барчаси рақамларда айтилганидек бўлмаган кўринади.
Аслида Бош қомусимизнинг 54-моддасида мулкдорнинг мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Бироқ, кўпчилик бу борадаги қонунчиликни билмаслиги, андиша қилиши ёки маҳалла фаолларининг соҳа мутахассисларига таянмасдан ўзларича йўл тутишлари мулкдорлар манфаатига зарар келтирмоқда.
Касб юзасидан ер-мулк билан боғлиқ суд ишларида ҳам қатнашишга тўғри келади. Бир йил олдин кўп йиллардан буён давом этаётган ака-уканинг мерос мулкини, отасидан қолган ер-жойни талашаётган ишда қатнашдим. Бир ота-онанинг фарзандлари мерос туфайли душмандан бадтар ёвлашган.
Мутахассисларнинг фикрича, суд амалиёти таҳлилида мерос низолари асосан амалдаги қонун талабларини билмаслик туфайли келиб чиқади. Оқибатда ворислар бир-бирларининг қонуний ҳуқуқларини тан олишни истамайдилар. Лекин, мерос низоси бир тараф иккинчи томоннинг қонуний ҳуқуқларини тан олиши билан боғлиқ. Суднинг қонуний ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин ҳам низо барҳам топмаган ҳолатлар бор. Афсуски, фақат суднинг адолатли қарори билангина қон-қариндошлар муносабати яхши бўлиб қолмайди.
Мерос масаласи деярли ҳамма халқда, қавмларда бор масала. Ислом динида мероснинг шартлари тушунчаси аниқ баён этилган. Унга кўра, «шарт» – шундай бир нарсаки, агар у мавжуд бўлмаса, унга боғлиқ воқелик келмайди ва у мавжуд бўлса, ўша воқелик мавжуд бўлиши ҳам, мавжуд бўлмаслиги ҳам мумкин.
Меросда учта шарт бор. Улар мерос қолдирувчининг ўлими, мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг меросхўрнинг ҳаёт бўлиши ва мерос олувчининг мерос қолдирувчига нисбатан ким эканлиги аниқ бўлиши ва насаби тайин бўлиши. Мерос деганда вафот этган шахс ўзидан кейин қолдирган моддий бойликлар кўзда тутилади.
Исломдаги мерос шартлари қонунчилигимизда ҳам акс эттирилган. Бироқ, ачинарли жиҳати шундаки, замонавий ҳаётда мерос мулкини талашаётганларнинг аксариятини катта ёшлиларни ташкил этади. Бундай бир-бирига яқин қариндош бўлган ёши улуғ инсонларнинг низолашиб юриши оқибатида, ҳатто уларнинг фарзандлари ўртасидаги муносабатларга ҳам путур етмоқда.
Хуллас, мерос билан боғлиқ низолар нафақат ҳуқуқий, балки маънавий муаммо ҳамдир. Шу масалада гап кетганда «Чет элда ҳаммаси зўр-да, сантиметргача аниқ, биров бошқанинг мулкига раҳна сололмайди», дейишади. Тўғри, лекин уларда ҳам бир пайтлар шундай муаммолар бўлган. Кейинчалик барчасига қонуний тарзда ечим топилган. Биз эса мерос, мулк талашиб ёш авлодга буни «мерос» қилиб қолдиряпмиз. Шу каби ҳолатлар кўпаймаслиги ва қариндошлар ўртасида низолар кучайишининг олдини олиш учун ҳам қонунчиликни кучайтириш, ҳар кимнинг тасарруфидаги ер-мулкни аниқлаштириш, ноқонуний ўзлаштирилган ерлар бўйича қонуний ечим топиш зарур.
Ўктам Худойбердиев.