Муносабат: "Мослама фуқарога алмаштириб берилган"

Аввалроқ сайтимизда Нуробод тумани, Жом қишлоғида яшовчи фуқаро мурожаат қилиб қулоқ эшитиш мосламаси учун ваучер ололмаётганини ёзганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ушму мурожаатга муносабат билдирди.

"Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 411-сонли қарорига биноан, ушбу фуқаро 2024 йил 25 март куни эшитиш мосламаси билан таъминланган.

Фуқаро июнь ойи аппарат ишламаётганлиги тўғрисида шикоят қилгандан сўнг 21 июнь куни эшитиш мосламаси янгисига алмаштириб берилган.

Фуқаро шунга қарамасдан янги берилган эшитиш аппарати унга мос келмаётганлигини айтиб ваучер шакллантириб беришни ва қулоғининг ички қисмига ўрнатиладиган эшитиш аппарати берилишини сўраб келмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун бериладиган Реабилитация техник воситалар рўйхати ичида қулоғининг ички қисмига ўрнатиладиган эшитиш аппарати мавжуд эмаслиги, қолаверса таъминланганига 48 ой тўлмаганлиги учун ваучер шакллантириб беришнинг имкони йўқлигини маълум қилинган", дейилади муносабатда.