Мусофирчилик ота-онага, Ватанга меҳр уйғотди
Яқинда Самарқандга бордим. Ўтган йили очилган жадид бобомиз Беҳбудий уй-музейига ва улуғ адиб, академик Садриддин Айний уй-музейини кўриб, Регистонни кезар эканман, самарқандлик ватанпарвар Илҳомжон Нарзуллаевга дуч келдим. У менга “Бедор туйғулар” номли янги китобини совға қилди.
У менга илгаридан таниш экан. Муқаддам Республика “Сўнмас орзулар” ташкилотимиз ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимлари, бир неча хорижий уюшмалар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда таниқли адиб ва шоир, журналист Ўлмас Жамол хотирасига халқаро танлов ўтказган эдик. Танловга дунёнинг барча жойларидан қатнашган ижодкорларга диплом, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар берганмиз.
Шунда Илҳомжон Нарзуллаевга фахрли иккинчи ўринни берганимиз, ёдимга тушди. Тўғри, ўшанда у хориждан туриб саноқли шеърларини йўллаган ва унинг талаба эканлигини билганмиз, холос.
Унинг шеърлари қалбидаги гўзал маюслик, Ватан соғинчи, ота-онага меҳри юксаклиги, севгиси ва дил изҳорлари йўлланган, юракни майин қитиқловчи, юзга жилмайиш эпкинларини келтирувчи ижод намуналари эди.
Ҳакамлар ҳайъати унинг шеърларин ўқиб, юрагимиз бир қалқиб, тамшаниб, туйғу ва туғёнлар давомини соғиниб қолган эдик. Унинг шахси, адабиёт ва ижодга меҳри бизнинг фикрларимизни номаълум томонларга элтган, ижодидаги дадил мисралар кўнглимизни умид сари бошлаган эди.
Илҳомжон 1997 йил 7 мартда Нарпай туманининг Кўк ота қишлоғида туғилган. Аввал ўрта мактабда, кейин Самарқанд ҳарбий академик лицейи (ҳозирги Темурбеклар мактаби)да таҳсил олган. Ҳозир Н.Е.Жуковский ва Ю.А.Гагарин номидаги Воронеж Ҳарбий ҳаво академиясининг битирувчи курсанти.
Унинг “Қалбим гавҳари” номли шеърлар тўплами 2016 йилда, “Она алласи” номли китоби 2017 йилда чоп этилган бўлиб, навбатдаги китоби - “Бедор туйғулар” 2020 йил Самарқанддаги “Зарафшон” нашриётида босилибди. Унга уюшма аъзоси, шоир Абдуҳамид Пардаев ва шоира Марҳабо Шодмонова тақриз берган. Китобнинг сўзбошисида муаллиф: “Ўзим учун энг қадрли инсонларим, руҳий мададкорларим - ота-онамга бағишлайман”, дея бошлайди.
Мусофирчиликда юриб, Ватанни, ота-онани, туғилган қишлоғингнинг ўт-ўланларини, ҳар бир кесак-тошигача соғиниш хорижда бўлиб кўрганлар учун яхши таниш.
Бу - юракка яқин, мудрамайдиган, ухламайдиган, виждонингни уйғотиб, руҳингни безовта қилаверадиган, жонингни ҳар нафас ҳалқумингга келтириб, оромсиз ижодга ундайдиган, Ҳазрат Навоий айтмоқчи: “Бағир қонидан” ишқ ва Ватан меҳри ҳақида шеърларни тинимсиз ёздирадиган туйғулар.
Китобни варақлаб “Аросат, Дадамга”, “Онамга мактуб”, “Шоирларга”, “Шеърларимга”, “Севги”, “Севгини тинч қўйинг”, “Мусофир”, “Олам ва одам”, “Мажлис”, “Инсон кўнгли”, “Хаёллар” каби бир қатор шеърларини ўқир эканман, маҳобатли Регистон ва январь ойининг совуқ куни йўлак бўйидаги ўриндиқда ўтириб, юрагимга яқин бир инсонни топгандек бўлдим. Кўнгил ҳароратимиз оламни иситгандек сезилди...
Бу кўҳна ва азалий дунёда шоирларни шоир қилган азалий дардлар, инсониятга мерос бўлган тушунча ва туйғулар бу йигитнинг ҳам қалбига меҳмон бўлиб, озурда жонин тебрантириб, гўзал туйғуларга йўғрилиб, шеър шаклида бир китобни вужудга келтирибди. Хайрли бўлсин ва китобдан-китобга ўсиб, йигит ўша қалб гўзаллигин сақлаган ҳолда, хаёт ташвишларига таслим бўлмай, турмуш такрорларига ғарқ бўлмай, келажакда гўзал шоир, етук журналист бўлишини жуда-жуда истадим. Ва, қандай қилиб Варонеж ҳарбий Академиясига ўқишга борганлигини сўрадим.
- Аввало, оиламга оғирим тушмасин деб, келажакни ўйлаб Темурбеклар мактабига топширдим. У ерни битиргач, Самарқандда олий таълимда бир йил ўқиб, иккинчи курсда ҳозирги ўқишимга имтиёзли равишда йўлланма олдим ва грант асосида у ерга бориб таҳсилни давом этдирдим. Хуллас, тўққиз йил мактабда, лицейда уч йил, беш йилки Воронежда ўқияпман ака, - дейди кулиб Илҳомжон.
- Ҳа, нони буюрсин, илм заҳматини чекибсан. Келажагинг бундан ҳам порлоқ бўлиб, қайси соҳада бўлса ҳам Ватанга хизмат қилавер, - дейман тилак билдириб.
Илҳомжон яқинда қишки таътилга келиши билан уйланиб олибди:
- Ўзинг севган қизга уйландингми ишқилиб, шоир?
Йигит ўзбекона, ним кулгу билан тасдиқ ифодасин қилиб, кўзлари порлаб, бироз хижолатмонанд деди:
- Ака, лицейда ўнинчи синфда ўқир эканман она тили ва адабиёт фанидан Қашқадарёга фан олимпиадасига бориб фахрли ўринни олиб келгандим. Ўшанда келинингиз билан танишиб дўстлашгандим, бу севгига айланди, давоми турмуш қурдик.
- Яхши, келин нима иш қилади, у ҳам шоира эмасми? - қизиқиб сўрадим.
- Шундай деса ҳам бўлади. Лекин Самарқанд давлат университетида биология йўналишида ўқиди. Ҳозир мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди ҳамда магистратурада таҳсилини давом эттиряпти.
Ғурури бутун, Ватан посбонлиги касбига отланаётган бу йигитнинг қалби гўзаллиги кишини ҳайратлантиради. Исми жисмига монанд, илҳомли йигит:
Айбга йўйманг муҳаббатни сиз,
Қўйинг майли, телбача севсин.
Муҳаббатга асир дилларнинг,
Аллоҳ ўзи бахтини берсин.
дейди.
Дарҳақиқат, муҳаббат ва эзгуликни англашнинг ўзи кўпларни шоир қилган. Илҳомжонни ҳам “отаси бемор бўлгани”да, “бобоси ўтгани”да, онасини соғинганида, мусофир ўлкада илм оламан деб юрганида пўртаналанган туйғулари шоир қилибди.
Тошкентга қайтар эканман, Илҳомжоннинг янада кўп ўқиб-изланиб, гўзал шеърлар ёзиб, том-том китоблар чиқариши, ҳар томонлама комил инсон, мағрур шоир сифатида бўй кўрсатишини истадим.
Ўлмасбек ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир-журналист.