Мусулмонлар идораси Ҳаж ва Умра зиёрати учун берилган енгилликка изоҳ берди
Шу кунларда Умра зиёратини амалга оширмоқчи бўлган мусулмонлар 14 кун кутишига доир талаб бекор қилинди, деган мазмундаги хабар тарқатилди. Бунга Мусулмонлар идораси аниқлик киритди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жидда шаҳридаги мамлакатимизнинг Бош консулхонасида Ҳаж ва Умра масалалари бўйича Атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги ширкатлар ишлари бош бошқармаси маълумотига кўра, Подшоҳликда эпидемиологик вазият яхшиланаётгани, кунлик касалланиш 65 нафарга тушгани, вакцина қилинган аҳоли 60 фоиздан ошиши муносабати билан умра зиёрати учун ўрнатилган бир қатор чекловлар Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган аҳоли ва подшоҳликда бўлиб турган чет эл фуқаролари учун юмшатилган.
Жумладан, 28 октябрь кунидан бошлаб, Ҳаж ва Умра вазирлигининг “Иътамарна” (“Умра қилдик”) мобил дастури орқали айни вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган аҳоли ва подшоҳликда бўлиб турган чет эл фуқаролари учун ўрнатилган 14 кун ичида фақат бир маротаба умра амалини адо этиш чеклови олиб ташланди.
Содда қилиб айтганда, аввалги тартиб бўйича Макка шаҳрида бўлиб турган фуқаро Масжидул Ҳарамга эҳром кийган ҳолда умранинг тавоф ва саъй амалини бир марта бажаргандан кейин, навбатдаги умра қилиши учун 14 кундан кейин рухсат берилар эди. Эндиликда янги қоидага кўра, Макка шаҳрида истиқомат қилаётган аҳоли ёки ушбу шаҳарда вақтинча яшаб турган хорижликлар бир неча бор умра амалини адо этишлари мумкин бўлади.
Таъкидлаш зарурки, ушбу енгиллик фақатгина айни вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган аҳоли ва вақтинча яшаб турган чет эл фуқароларига тегишлидир. Хориж мамлакатларидан келадиган фуқароларга қўйилган чекловлар бекор қилингани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.