Мутахассислар манзарали дарахтларда учрайдиган арча унсимон қуртидан огоҳлантирмоқда

Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимоя бошқармаси ахборот хизматига кўра, айни вақтда вилоятда арча унсимон қурти (Planococcus vovae Nass.)га қарши кураш бўйича долзарб 15 кунлик тадбирлари ўтказиляпти.
18 март ҳолатига кўра вилоятда арча унсимон қурти 31,5 гектар майдоннинг 13 398 дона манзарали дарахтларида тадқиқот ўтказилган. Айтилишича, ҳар ярим гектар дарахтзорнинг 35 тупида зараркунанда аниқланган. Зараркунандага қарши 1,3 гектар майдонда кимёвий ишлов берилиб, 18,25 гектарнинг 94 03 тупида агротехник тадбирлар олиб борилган. Зарарланган дарахтлар аниқланган 15 та ташкилотга далолатнома тузилиб, бошқарманинг фитосанитар биолабораториясига намуналар олинган.
Вилоят ҳудудларида йўл бўйлари, ўрмон хўжаликлари ва бошқа яшил майдонларда парвариш қилинаётган игна баргли ва бошқа манзарали дарахт ва буталарга катта зарар етказаётган арча унсимон қуртига қарши “Долзарб 15 кунлик” 14 мартдан 8 апрелга қадар давом этади.
Бу даврда зараркунанда тарқалган жой ва майдонларни аниқлаш ҳамда ушбу ҳудудларда касаллик тарқалиши мумкин бўлган кўчатларни бошқа бир ҳудудга юборилишини қатъиян тақиқлаш, зараркунандалар аниқланганда зудлик билан касалликни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш ишлари амалга оширилмоқда.