Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Ҳаёт ортида. Ҳикоя (қисқартирилган)

Максим Горький

Кузнинг маъюс ёмғири тўхтовсиз деразаларга урилар, ойналар ортида ҳаракатсиз зич зулматдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Гўё бирон бир нарсадан шикоят қилгандай, ёмғирнинг мулойим овози билан бирга хира осмонни ҳам, ерни ҳам зулматда қолдириб, ташқарида ҳаракат ва ҳаёт борлигини эслатиб шифтлардан сув оқарди.

Яшил абажурли лампа ёритиб турган хонада стол ёнидаги чуқур курсида баланд бўйли соч-соқоли оқарган одам, чимирилган қошлари остидаги катта-катта кулранг кўзларини дераза ортидаги зулматдан узмасдан ўтирарди. Унинг ажин босган, қуруқ, узун юзи ҳаракатсиз, лаблари қаттиқ сиқилган, гўё аллақандай куч уни стулдан юлиб олиб, руҳга совуқлик ва ҳасрат соладиган зулматга ташлашидан қўрққандек, бармоқлари билан курси ёндорини ушлаб турарди. Деразадан шамол кириб, чироқ алангаси титрайди ва ғалати соялар жимгина хона деворлари бўйлаб ҳаракатланади – бир олам шаклсиз, яримшаффоф, титроқ шарпалар...

Стол ёнида ўтирган киши, ўзини қамраб олган ўйларига бу шарпалар ҳаракатидан жавоб излаётгандек уларга тикилади. Хонасининг ҳар бурчагидан ёлғизликнинг қора кўзлари унга қарайди, атрофдаги барча нарса қоронғуликка сингиб одатий шаклини йўқотади.

У ёруғлик ва ҳаёт қайноқ бўлган жойларга боришни хоҳлайди, лекин у оғир табиатли, муроса қила олмайдиган одам, бошқаларни тинглашга асло қарши эмас, лекин ўзи ҳам кўп гапиришни лозим топмайди, чунки сўз фикрнинг барча маъно нозикликларини аниқ етказиш учун нафақат фақир бўлиши, балки ҳеч бўлмаганда воқеликни соддалаштириб, инсон қалбига оғир таъсир қолдирмасдан айтилиши керак, деб уйларди.

Меҳмонхоналардаги одамлар орасида у аниқ memento mori (бу ерда ўлимни эслатиш – таҳр.). Ҳар доимги диққатли қарашлари ва у билан суҳбат қуриш уринишларидан халос бўлиш мақсадида қилган совуқ табассумлари учун уни ёқтиришмайди. Танишлари ҳам унга тоқат қилиши ва усиз ўзини эркинроқ ҳис қилишини билади. Улар уни жуда кўп ўйлайдиган одам деб билишини, шубҳасини ўзига хосликка эниш истаги сифатида қабул қилишини, ҳамма ва ҳамма нарсага шубҳа билан қарашини, аламли менсимасликда гумон қилинишни билади.

Буларнинг барчаси уни камситмайди ва одамларнинг унга нисбатан ноўрин қарашларидан қайтаришни хоҳламайди. Уларнинг ўйлашлари ва қилган юмушлари ўзига муносиблигига, фақатгина вақт инсонни аста-секин ўзгартиришига ва ҳеч бир мулоҳаза унга ҳатто, зарарли бўлган одатларини ҳам ўзгартиришга мажбур қила олмаслигига амин. Шубҳасиз, ҳар бир инсон ўзи эришган нарсаларига лойиқдир – бироқ, тақдир белгилаб қўйганидан кўра бахтсиз бўлишни яхши кўрадиган одамлар бор – у бу тоифадаги одамларга мансуб ва ҳаёт ортида қолиб кетганлиги учун ҳеч кимни айбламайди...

Шунга ҳам қарамай, у одамларнинг олдига борар эди, гарчи у уларни,  улар уни тушунмаса ҳам борган бўларди. Одатда улар бир-бирига ёлғон гапириш, кундалик ҳаётдан узоқ бўлган нарсалар ҳақида суҳбат қуриш учун гуруҳларга йиғилишади. Бошқаларга билими ва ақл порлатишига имкон беришади ва бир мунча вақт бир-бири олдида мақтанишади. Бу барча улфатлар учун одатли бўлгани каби риёкоронадир ҳам.

Ушбу оғзаки мусобақалар, қарорларнинг оҳанграболиги, сунъий ғайрат  – буларнинг барчаси байрамона либослар. Одамлар уларни ёшлигида ғамлаб қўйиб, янгиламасдан бутун умри давомида улар билан яшайди, шу сабаб инсоний қарашларнинг кўпи титилиб, эскириб кетган. Ҳар қандай ғараз ўтмиш қолдиқларининг бир парчаси эканлигини, идрок қанчалик эркин бўлса инсон шунчалик бой бўлишини унутмаслик лозим.

Ҳаёт давом этади, у ҳар доим ҳаракатда, уни эски мезонлар билан  ўлчаб тушуна олмай қолиш осон. Кишилар буни тушунмайди, шу сабаб улар бир-бирларини билмайди, ҳамма бир-бирига бегона, бепарво, қаттиқ кўнгил ва бир-бирига жуда эътиборсиз...

Уларнинг севимли суҳбат мавзуси – сиёсат, адабиёт, санъат ва улар бу ҳақда суҳбат қурадиган бўлса, уларни эшитиш мумкин. Бироқ суҳбат мавзуси Инсон бўладиган бўлса, бу қанчалиқ оғриқли! Бу муҳокамалардаги сафро, киноя, ғазаб, бефарқлик ва бировларни тушуниш истагининг камлиги...

Одамлар бошқаларни тушунмаса-да, ҳеч бўлмаганда жимгина бир-бирларини ҳурмат қилишни ўрганармикин? Дунёда инсондан бошқа ҳеч қандай сирли мавжудот йўқлигини ва фақат инсон ҳодисалар мезони ва ҳаёт яратувчиси эканлигини англаб олармикин?

Бир вақтлар у одамларга яқинлашишга, уларнинг доирасига киришга ва бошқалар каби яшашга ҳаракат қилди. Бу муросани талаб қиларди, аммо у бунга қодир эмас эди. У ўзини қизиқтирмайдиган нарсаларга қизиқиши, кўпинча бошқалар сингари бўлиш учун ўз руҳини букиши керак эди. Ўзини ахлоқли ва зиёли сифатлаган одамлар ушбу васфни мустаҳкамлаш билан овора бўлиб, бошқаларга бефарқ ва совуқ муносабатда эди.

Ҳар бир кишининг ҳаёти – бировлар учун ошкор бўлишидан қўрқадиган сир, бошқалари эса тахмин қилишни истамайди, улар бир-бири билан фақат сўзлар орқали боғланган ҳолда яшайди, ҳар бир инсон ўзида бутун бир туйғу ва фикрлар дунёсини олиб юради, улар билан хасталаниб яшайди, яшайди ва ўз фикрини баён қила олмасдан ҳалок бўлади. Ҳаммага ҳаво каби таниш бўлган ҳаёт ёлғони кўпайиб, одамларни бири-биридан жудо қилади.

Аммо баъзида шундай ҳолатлар бўладики, одамлар орасида бўлиш жуда яхши ва ҳаёт сеҳрли жозибага тўла, қалб янги ҳаяжонли лаҳзаларга умид қилиб тўлганида олис келажакдаги эзгу, буюк нарсага умид нурлари порлайди ва инсон қалбида эҳтиросли фикрлар ва ҳиссиётларнинг ёрқин камалаги ўйнайди. Бу лаҳзалар бор, лекин жуда оз. Улар “бизнинг саробларимиз” бўлса-да, улар билан яшаш мумкин. Энди ўзини ҳаёт ортида ташлаб қўйган киши учун бу ҳаётга ҳеч нарсасиз қайтиш жуда кеч. Жуда кеч ва у ўзи билан нима олиб келади? Ўзининг ярим оқарган сочларию, хира фикрлари ва одамларга бўлган ишончсизлигиними? Бу билан яхши қабул қилишмайди.

Энди у билан бирлашишга кучи йўқ, ўзидан узоқлашган ҳаётига ачинади. Миясини юклаб қўйган барча фикрлари охир-оқибат битта содда ва равшан, ҳақоратли даражада оддий ва аниқ саволга қуйилади:

“Нега мен ўзимни бошқа одамлардан кўра руҳан ақлли, виждонли, кучлироқ деб билдим ва улар билан мустаҳкам алоқа ўртана олмадим, улар орасида яшашни билмадим?”

...Ёмғир деразаларга урилади – ва зулмат унга қарайди.

“Хатоларимга ишонч ҳосил қилиш учун ҳаётимни яшаб ўтдим ва уч ўн йиллик давомида ўйлаб, саволимнинг моҳиятига етдим – нега мен ўзимни бошқалардан устун деб билдим?”

Ёмғир ва зулмат...

“Ҳа, ҳаёт ўзига хизмат қилишни истамайдиганларни жазолашни билади...”

Ярим шаффоф соялар хона деворлари бўйлаб жимгина ҳаракатланади. Ҳар ёқда ёлғизлик, мотам куйини эслатиб шифтлардан сув оқади...

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.