Мутолаа. Ишончли далил. Ҳикоя

Жек Ричи

У тўппончани жуда дадил тутарди. Ишхонамга нима учун келганини билиб турсам-да хотиржам эдим.

- Мен бехабар бўлиб ўлишни хоҳламасдим, - дедим. – Сизни ким ёллади?

- Душманингиз бордир.

- Душманларим борлигини билмайман. Хотинимми?

- Худди шундай. У табассум қилди. – Сабаблари ҳам аниқ.

- Ҳа, - хўрсиндим. – Менда у қўлга киритишни истаганча пул бор. Пулларимнинг ҳаммаси, албатта...

У мени бошдан-оёқ кузатди.

- Ёшингиз нечада?

- Эллик учда.

- Рафиқангиз-чи?

- Йигирма иккида.

У тилини чертиб қўйди.

- Мистер Вильямс, бундай вазиятда барқарорликка умид қилиш қийин бўлса керак.

- Бир-икки йилда ажралиб кетишини тахмин қилгандим. Хотинимга каттагина пул тегарди.

- Сиз унинг очкўзлигига баҳо бермабсиз, мистер Вильямс.

Нигоҳим тўппонча бўйлаб сирғалди.

- Чамамда илгари одам ўлдиргансиз?

- Ҳа.

- Бу сизга ёқиши аниқ?

- Ҳа. Қотиллик менга завқ бағишлайди.

Унга диққат билан қарадим.

- Икки дақиқадан кўпроқ вақтда бу ердасиз, мен эса ҳали тирикман.

- Шошиладиган жойимиз йўқ, жаноб Вильямс, - юмшоқ жавоб қилди у.

- Демак, қотилликнинг ўзи муҳим эмас. Сиз учун воқеанинг муқаддимаси муҳим.

- Заковатингизга қойил, мистер Вильямс.

- Зерикмагунингизча тирик қоламан, шундайми?

- Албатта. Гарчи вақтимиз чекланган бўлса ҳам.

- Тушунарли. Балким бирон нарса ичмоқчидирсиз, жаноб...

- Смит... Бу исмни эслаб қолиш осон. Ҳа, жоним билан. Лекин сиз шундай турингки, қўлларингизни кузатиб турсам.

- Қўлимда заҳар бор деб ўйламассиз?

- Ким билар, бўлиши ҳам мумкин.

У мен икки қадаҳни тўлдирганимни кузатди, ўзиникини олиб курсига чўкди, мен эса яқинидаги ўриндиққа ўтирдим.

- Хотиним ҳозир қаерда?

- Меҳмонда, мистер Вильямс. Унинг айбдорсизлигини қасамёд остида тасдиқлайдиган бир талай одамлар орасида.

- Мени ўғри ўлдирадими?

У қадаҳини орамиздаги столга қўйди.

- Ҳа. Сиз вафот этганингиздан сўнг стаканларни юваман ва барга қўяман. Кетишимдан олдин барча бармоқ изларини ўчириб ташлайман.

- Ўзингиз билан бирор нарса ҳам олмайсизми? Ўғрилик тахминини тасдиқлаш учун?

- Бу шарт эмас, мистер Вильямс. Полиция сизни ўлдириб қўйиб, ўғри қўрққанидан бўш қўл билан чиқиб кетган, деган хулосага келади.

- Шарқий девордаги мана бу расм ўттиз минг доллар туради.

У расмга қаради ва нигоҳини дарҳол менга қайтарди.

- Ҳаётингиз эвазига менга ушбу расмни таклиф қилмоқчимисиз?

- Айнан шу нарса ҳақида ўйладим.

У бош чайқади.

- Кечирасизу, жаноб, агар мен буюртма олган бўлсам, уни бажаришим керак. Бу профессионал шараф масаласи.

Мен стаканни столга қўйдим.

- Ўлжангиз сиздан раҳм-шафқат сўрашига одатланиб қолганмисиз?

- Ҳа, ҳар ҳолда.

- Улар сизга пул таклиф қилганми?

- Кўп ҳолларда.

- Демак, бундай қилишим бефойда?

- Ҳозиргача шундай бўлган, жаноб Вильямс.

- Ушбу расмнинг орқасида сейф бор, жаноб Смит. У яна кўрсатилган томон қаради.

- Шундай денг.

- Унда беш минг доллар бор.

- Мен стаканимни олиб, девор томон бордим. Сейфни очиб, жигарранг конвертни чиқариб, стаканни сейфга қўйдим ва эшикни ёпдим.

Смитнинг нигоҳи конвертга тўхталди.

 - Илтимос, уни  бу ерга олиб келинг.

Конвертни столга, унинг кадаҳи ёнига қўйдим.

- Наҳотки, ҳаётингизни қутқаришга умид қилаётган бўлсангиз?

- Йўқ. Сиз сотилмаслигингизни тушуниб олдим.

- Лекин нега бу беш мингни менга олиб келдингиз?

Мен конверт ичидагиларини стол устига бўшатдим.

- Бу эски квитанциялар. Сиз учун уларнинг аҳамияти йўқ.

Смитнинг ёноқлари ғазабланишдан қизариб кетди.

- Бу майнавозчиликнинг кимга кераги бор?

- Мен сейф ёнига бориб, унга сиз ушлаган стаканни қўйиш имконига эга бўлдим.

Смитнинг кўзлари стол устидаги стаканга қаради.

- Мана менинг қадаҳим.

Мен табассум қилдим.

- Сизники – сейфда, мистер Смит. Шубҳасиз, полиция нега у ерда бўш стакан тургани билан қизиқади. Бармоқ изларини олишни аниқлаш улар учун қийин иш эмас, айниқса қотиллик иши тергов қилинганда.

Смит оқариб кетди.

- Мен бир сонияга ҳам сиздан кўзларимни узмаганман. Сиз стаканларни алмаштира олмасдингиз.

- Йўқ, эслашимча сиз икки марта расмга қарадингиз.

Табиий тарзда у расмга учинчи марта қаради.

- Мен унга бир икки сониягина қарадим.

- Шунинг ўзи етарли.

У чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, терлаган пешонасини артди.

- Қадаҳни алмаштира олмаганингизга аминман.

- Унда детективларнинг ташрифи сизни ҳайратга қолдириши мумкин. Бирмунча вақт ўтгач, ўз ўлимингизни кутишдан завқланиб электр стулида ўтириш имкониятига эга бўласиз.

У тўппончасини кўтарди.

- Қизиқ, - давом этдим мен, - сиз қандай ўлар экансиз? Эҳтимол, стул ёнига бориб, хотиржамлик билан унга ўтирганингизни тасаввур қила оласизми? Ёки сизга  нисбатан куч ишлатиб ўтқазиб қўйишадими?

- Сейфни очинг, акс ҳолда сизни ўлдираман, - ириллади у.

Мен кулиб юбордим.

- Қўйсангизчи, жаноб Смит. Сейфни очсам мени ўлдиришингиз иккаламизга ҳам аён.

У ўйланиб қолди.

- Стаканни нима қилмоқчисиз?

- Агар сиз мени ўлдирмасангиз, мен уни хусусий детективлик агентлигига олиб бориб, бармоқ изларини суратга туширишни илтимос қиламан, фотосуратлар ва унинг ташқи кўринишини тегишли ёзувлар билан конвертга муҳрлайман. Мабодо мен зўравонлик оқибатида ўлиб қолсам, конвертни полицияга топшириш бўйича кўрсатмалар қолдираман.

У чуқур хўрсинди.

- Ортиқча оворагарчиликнинг кераги йўқ. Ҳозир мен кетаман ва сиз мени ҳеч қачон қайтиб кўрмайсиз.

Мен бош ирғадим.

- Йўқ. Мен ўз режамни афзал кўраман. Келажакда ўзимни хавфсизлантирмоқчиман.

У ўйланиб қолди.

- Нима учун полицияга бормайсиз?

- Бунинг сабаблари бор.

Смит тўппончани чўнтагига солиб қўйди. Тўсатдан унинг миясига бир фикр келиб қолди.

- Хотинингиз бошқа қотилни ёллаши мумкин.

- Бўлиши мумкин.

- Сизнинг ўлимингизда мени айблашади.

- Шундай  бўлиши аниқ. Агар... – Смит умид билан менга қаради, – агар унда бошқа қотилни ёллаш имконияти қолмаса.

- Лекин бошқа ўнлаб қотиллар бор... – у жим бўлиб қолди, мен эса унга далда бергандай жилмаярдим.

- Рафиқам сизга қаерга кетганини айтдими?

- Петерсонларникига. Кеч соат ўн бирларда қайтади.

- Ўн бирларда? Жуда қулай вақт экан. Ҳозир кечалар қорунғу... Петерсонлар қаерда яшашини биласизми?

- Йўқ.

- Брижҳемптонда, - унга манзилни бердим.

Смит секин пальтоси тугмаларини қадади.

- Соат ўн бирда сиз қаерда бўласиз, жаноб Вильямс?

- Ўз клубимда. Дўстларим билан қарта ўйнайман. Шубҳасиз, рафиқам... отиб ўлдирилгани тўғрисида қайғули хабар олганимда улар мени чин дилдан юпатишган бўлади.

- Ҳаммаси вазиятга боғлиқ, - у қуруққина жилмайиб кабинетдан чиқиб кетди.

Смит кетгандан кейин стол устидаги стаканни детективлик агентлигига олиб бордим, кейин клубга йўл олдим. Сейфни очганим йўқ. Ундаги стаканда фақат менинг бармоқ изларим бор эди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.