Мутолаа: Жавоб. Ҳажвия

Тўлқин Эшбек.

Учқун Бўронович кўчага отланган маҳал хотини зорланди:

— Кун бўйи сўрайвериб одамни хуноб қилиб юборишади. Жилла қуриса, қўлидаги рақамини айтинг, деб қисташгани қисташган… Энди қўл телефони олмасангиз бўлмайди чоғи…

— Кейин нима бўлишини биласанми? — зардалироқ оҳангда чиқди эрининг овози. — Бўлар-бўлмасга чақиравериб, бемалол ишлашга қўйишмайди. Икки-уч жойда ишлашдан ташқари, қанча таҳририят билан “Меҳнат шартномаси” тузиб қўйганимни биласан-ку…

— Хўп, бугун сўраганларга нима дейин?

— Факультетдан сўрасалар, бошқармадан чақириб қолишди, дегин, хўпми?

Хотини, тўхтанг, дея ичкаридан дафтар билан қалам олиб чиқди-да бош ирғади:

— Ёзиб қўймасам, адашиб кетяпман. Хўш, бошқармадан сўраб қолишса?

— Вазирликдаман.

— Вазирликдан сўрашса?

— Халқаро анжуманга таклиф қилишганди, де.

— Бу ердан ҳам топа олмаяпмиз, деб қолишса-чи?

— Таҳририятдаман.

— Қайси бирида?

— Журналлар жойлашган соатли бинода.

— Бу ерда йўқ экан, дейишса?

— Газеталар биносида, де.

— Бу ёқларни ҳам қараб чиқдик, дейишса-чи?

— Нашриётдаман.

— Нашриётдан ҳам тополмадик, дейишса?

— Уюшмадаман.

— Уюшмадан сўрашса?..

— Миллий матбуот марказида.

— Марказда ҳам қораси кўринмаяпти, дейишса?

— Интернет клубида.

— Интернет орқали ҳам тополмаяпмиз, дейишса-чи?

— Ахборот хизматидаман.

— У ердан ҳар куни камида тўрт-беш марта сўрашади,– деди хотинининг қути учиб.– Бугун нима дейин?

— Тоби қочиб қолди, шифохонага кетди, де. Сўнгги гапни айтганда Учқун Бўронович ўзига-ўзи ғўлдираб қўйди: Худо кўрсатмасин…”.

— Қайси шифохонада эканини айтинг, кўргани борамиз, дейишса?

— Дўхтирлар тузата олмаганди, ноилож табибга кетган, деявер.

— Табиб оғайнингиз сўраб қолса-чи? — афти бужмайди ожизанинг. — У ҳам сўрагани сўраган…

— Ўзи сизга қўнғироқ қилар экан, де, — Учқун Бўронович ўзининг гапига ўзи кулиб қўйди. — Ҳаёт деганлари театр саҳнасининг ўзгинаси. Қара, ҳозирги ҳолатим худди Эргаш Каримовнинг интермедиясига ўхшаб кетяпти-я! Унга ўртоқлари “сен билан кеча кутубхонада эдик”, “иккимиз фалончини кўргани боргандик” деган қабилда ҳадеб тўқиб-бичавергач, ахийри у “мен бу ерда ҳам йўқман!” деб қичқириб юборади, ҳи-ҳи-ҳи…

Эри атай кулдириш учун айтган бу гапга ожиза ҳатто тишининг оқини ҳам кўрсатмади. Аксинча, рангги-қути ўчганча дилидагини тилига чиқарди:

— Хўп, қаерга боришингизни лоақал ўзим билсам бўладими?

— Мутлақо!

— Нега? — қошлари чимирилди уй бекасининг. — Мендан нега яширасиз?

— Гаплашганда оғзингдан лоп этиб чиқиб кетишидан қўрқаман, — деганча ўзи лип этиб остонага чиққан уддабурон эрининг қолган гаплари “шеърий” усулда бўлди:

Мен оқимга қараб оқсам бўлдими!

Болажонларга ҳам ёқсам бўлдими!

Бўйнингга маржонлар тақсам бўлдими!

Ҳеч кимдан кам қилмай боқсам бўлдими!

У шунақа қофиясини келтириб яна бирор сатр айтганча учқундек учиб кетди…

Сочига қиров қўниб ҳам қуюлмаган эрининг сўнгги сатрларидан "дув" қизарган хотини бугунги жавоблар рўйхатига қайта-қайта кўз югуртираркан, ўша қўнғироқ қиладиганларнинг ҳолини ўзича тасаввур қилганча “қаҳ-қаҳ”лаб кулиб юборди.