Мутолаа: Меҳр
Қанд касаллиги билан оғриган опаси ҳар гал шуни айтиб мақтаганда, синглиси хижолат чекиб, негадир уялади. Опасининг алқаши шунчалар ёқадики унга, беихтиёр энтикади. Орзиқиб кетади шундай паллада – болалиги, онаси, опасининг ортидан доим эргашиб юрганлари ёдига тушади.
Қўшни бир ой деганда эрталаб боласи орқали сарёғ жўнатибди. Севинди. Болага бериладиган пулдан орттирганини олиб чиққанди, қўшни хафа бўлди. “Ҳамсоянинг ҳақи бор, ўргилай”, деди оғрингандек бўлиб. Ҳовлисига қайтиб, болаларни эртароқ мактабга жўнатди. Гўдагини бешикдан ечиб, шаҳарга отланди. Бекатда қатор турган нонфурушлардан иккита нон олмоқчи эди, қиммат бўлса ҳам ширинликни танлади. Яна нонларга тикиларкан, қайтишида пули етмай қолишидан чўчиб, фикри ўзгарди.
Қайрағочдан ясалган баҳайбат чорпояда ўтирган кўйи уни енгил қучган опасининг кўзида ёш ҳалқалади. Кейин салқиган кипригидаги ёшни қуритмоқчи бўлгандек, қўлида тутган бежирим елпиғични юзига яқинлаштириб, узоқ айлантирди.
– Ўзингни ҳам ўйласангчи, – деди синглисининг гўдагига бепарво тикилиб. – Бошқа туғма.
Аёл уялиб, кўзини ерга тикди.
– Сариёғ олиб келдингми? Яхши қилибсан.
Опаси дастурхон четига қўйилган сеткадан банкани олиб, оғзини очди, бармоғини ботириб, сариёғдан озроқ ялади.
– Мазаси бошқачами? – қизарган семиз юзини буриштирди опа. – Сигиринг қарибдими, дейман.
Кейин салафан халтачадаги конфетга норози тикилди.
– Нима қилардинг, бунақа конфет олиб. Ундан кўра, иккитагина қишлоқнинг буғдой нонидан олсанг эди.
Сингил нон олмаганига пушаймон бўлди. Опаси назарга илмаган ширинликнинг пулига камида ўнта нон берарди. Кейин дастурхонга тикилган кўзини ҳовлига қаратди. Ҳовли тўрида янги солинган бинода усталар ишларди. Ёнида янги дарвозахона қурилибди. Ичида устига мато тортилган машина.
– Поччанг яна битта машина олган, – опаси синглисининг машинага кўзи тушганини кўриб, изоҳ берди. – Мерсми-персми, бир бало. Ҳовлида машина қўядиган жой йўқ. Яна олганига куяйми?
Сингил ҳар гал кириб келадиган дарвозахонада яна икки машина турганига қаради. Қизиқ, ҳовлига кирганда пайқамабди.
– Поччангнинг ҳам мазаси йўқ, – Опасининг гапи унинг нигоҳини яна дастурхонга бурди, – Қон босими ҳеч тушмайди. Соғлиқ бўлмаса, бу молу давлат бекор экан. Сизларга ҳавасим келади. Ҳеч нарсани ўйламайсизлар.
Боласи безовта бўлгани учун сингил кетишга изн сўради. Жияни ўқишидан келса, олиб бориб қўйишини опаси кўнгли учун айтган бўлса-да, манзиратдан суюнди. Бекатда автобус кутиб тураркан, сигири сутга кирса, унинг сариёғини албатта, опасига олиб келишини ўйлади. Сигир сутга киргунга қадар бедаво дард опасини бу дунёдан олиб кетишини у ҳали билмасди.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ.