Мутолаа: Наҳс босқан экан. Фельетон
Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:
- Қани, бир бахтимизни синаб қарайлиқ-чи, - дедим.
- Ранжми, ғойибми, ҳозирми? - деб сўради.
«Кўрнинг тилагани икки кўзи», «Кампирнинг дарди ғўзада» дегандек, маним ҳам ўйлаганим сизга ўхшаған «Чоти айри, боши юмолоқ» дардисарлар эмасми, шунинг учун мақсадимни онглатдим.
- Кимдансиз?
- Кимдан бўлар эдим, шу кўриб турганингиз этаксизлардан.
- Яъни?
- Яъни, ўзбак.
- Истиқболимиз қалай экан, демакчисиз-да?
- Ҳа, шундай, садаға.
Кашмири қуръа тошларини йиғиб олиб рўмол устига чочди, тошларни еттига бўлиб етти жойға қўйди ва мулоҳаза билан сўзлай бошлади:
- Халқингизнинг ошиғи олчи, пичоғингиз мой устида; халқингиз рост кўчани қўйиб, паст кўчадан юрар экан, кўпларингиз эшакка тескари миниб чирманда чалар экансиз… тўғрими?
- Тўғри, садаға, - дедим.
- Банданинг боши - Аллоҳнинг тоши, дейдирлар: бирингиз Абдулқафоъ валлоҳи азим, иккинчингиз - шоптоли қоқи дўст беданам, учунчингиз - Монийнинг ясаған сурати, тўртинчингиз - бўйни ғавслар учун лаганбардор; шаҳарларингиз хароба, қишлоқларингиз вайрона, халқингиз ақл-ҳушидан бегона, хотунларингиз шинни, катталарингиз нинни, шунинг учун болаларингиз жинни, йигитларингиз юраксиз аҳмоқ, қизларингиз сочи узун-паҳмоқ, отларингиз эшак, эшакларингиз хўтук..!_
- Каромат қиласиз, почча, - дедим.
Кашмири давом қилди:
- Тошға қаранг, биродар, тошға: бу сўзларни ман сўзламайман, тош сўзлайдир, тошлар! Истиқболингиз куппа-кундузидек ёруқ, йигирма беш йил десаммикан, элли йил десаммикан, ҳар ҳолда муддат унча узоқ эмас, пичоғингиз мой устида кўринадир: Тўрт томонингиз қибла; халқингиз томға чиқуб «ҳалала ҳашту» ўйнағайлар. Мустамлакачилар «Том тепканга беш ёнғоқ - тепмаганга қўй қумалоқ!» деб маймун ўйнатқайлар… Истиқболингиз жуда ажиб: кўрганлар дармонда, кўрмаганлар армонда, йигитларингиз ҳез очқайлар, кўбларингиз табдили сурат қилиб эшак, ҳўкуз ва маймунлашқайлар; уламоларингизнинг ишлари тағин ҳам қизиқ: бечоралар миядан ажралиб, лозимларини салла қилғайлар ва кўча-кўйларда во дино во шариъато, деб чопишуб юргайлар…
Пол шу ўрунға етканда ортиқ чидаб туролмай:
- Етар, садаға! - дедим.
Кўнгил айнаб, кўз ўнгларим қоронғиланиб кетди. Полнинг назрини ташладим-да, бошим оққан томонға калавлаб кетдим. Йўл-йўлакай кўзимга кўринган акалар энди шох чиқариб келмакда бўлған ҳўкузга ва гоҳо янги туғулған хўтукка ўхшаб кетар эдилар, уйимга кирар эканман:
- Бизни тоза наҳс босқан экан, - деб бир ҳовуч совуқ сув ичиб юбордим…
Жулқунбой.
«Муштум» журнали, 1923 йил.