Мутолаа: Ухлатадиган "дори"

Саъдулла Сиёев

Ким нима деса десину, аммо бизнинг дўхтирларимиз орасида ҳам ўша мақтанчоқ чет элликлар олдига похол тўшаб кетадиган устомонлар бор. Ишонмасангиз, мана бу воқеага қулоқ солинг.

 

Бир кишининг аҳволи оғирлашиб касалхонага тушди. Уни операцияга ётқиздилар. Жарроҳлар ювиниб-чайиниб тахт бўлишди. Энди беморга наркоз бериш керак эди. Бироқ аксига олиб, наркозчи дўхтир келавермади.

Шу пайт эшикда Шоймардон деган шумхаёл, ҳазилкаш дўхтир кўринди. У жарроҳларнинг бир нарсадан дилгир бўлиб турганини сезиб ичкари ўтди. Икки оғиз гапдан масалага тушунди. Секин беморнинг тепасига борди, энгашиб унинг қулоғига шивирлади:

— Ёриев, сизни бир йўла учта катта дўхтир операция қилмоқчи. Ўзингиз тушунасиз, уларнинг ҳар бирига битта-битта кўкидан бериш керак. Сигир-бузоқ, дегандай, бордир уйда?! Сотасиз-да, тоға. Жонингиз омон бўлса, мол топилади.

Бемор кўзларини пирпиратди, бир нима демоқчи бўлиб тамшанди ва… ҳушидан кетди. Шоймардон касбдошларига ўгирилди:

— Ана, текин наркоз! Бир соат ўзига келмайди. Бемалол кесаверинглар.

Ёриевнинг касали кўричак экан, ярим соатга қолмай бажо қилишди. Бемор кўзини очганда тепасида Шоймардон илжайиб турарди:

— Ҳазиллашдик, тоға, хафа бўлмайсиз. Бир сўмингиз керак эмас. Сигир-бузоғингиз ўзингизга буюрсин. Отдай бўлиб кетинг.

***

Ҳушини йиғиб олди

Янги чиққан ўзбек бойларидан бири шоҳкўчада «Мерседес»ини учириб кетаётган эди. Шу пайт ён кўчадан кўҳнароқ бир «Волга» чиқдию «Мерседес»нинг йўлини кесиб ўтди. Бу бойваччага алам қилди.

«Вой, хумпар-ей, ҳали сиз бизнинг олдимизга тушадиган бўлдингизми?», деб уни қувиб кетди. Ҳаш-паш дегунча етиб олди. Машинасини «Волга»нинг тумшуғига тираб қўйди. Қўлига катта тош олиб, «ғўдайган машина»нинг ойнасини ура кетди. «Волга» пачақ бўлди. Бойвачча нафас ростлаб ичкарига мўралади. Қараса, кимсан туман прокурорининг ўзи ўтирибди! Бойваччанинг миясига қон урди. Дарров ҳушини йиғиб олиб, таъзим қилди:

— Ассалому алайкум, хўжайин… Янги йиллари муборак бўлсин! Деразангизни тақиллатаман, эшитмайдилар. Ўзларига атаб қўйган арзимаган нарсамиз бор эди, қайси уйларига оборсак экан, деб сўрамоқчийдик…