Мутолаа: Хотиним билан жанжаллашдим. Ҳикоя

А.Чехов

- Жин урсин! Хизматдан уйга итдек чарчаб, оч келасан, ҳеч вақо йўқ, у қанақа овқат беришини Худонинг ўзи билади. Танбеҳ бериш ҳам мумкин эмас. Айтишинг биланоқ бўкириб йиғлашлар, кўз ёшлари... Уйланмасдан уч марта анафемага айланиб, ўзимни қурбонликка бағишлайманми?..

Шу гапларни айтиб эр қошиқ билан ликопчани жаранглатди, ўрнидан турди-да, жаҳл билан эшикни ёпди. Хотин йиғлаб юборди, юзига рўмолчани босди ва у ҳам чиқиб кетди. Кечки овқат ниҳоя қилди. 

Эр хонага кириб, диванга йиқилди, юзи билан ёстиққа шўнғиб кетди.

“Уйланишга бало бормиди! – ўйлади у. - “Оилавий” ҳаёт эмиш, ўргилдим бунақа... Ҳали уйланиб улгурмасдан ўзимни отиб ташлагим келяпти!”.

Чорак соатдан кейин эшик ташқарисида енгил қадамлар эшитилди...

“Ҳар куни шу аҳвол... Нафсониятимга тегади, таҳқирлайди, ғазаблантиради, энди эса эшик ҳатлаяпти, ярашиш ниятида... Чучварани хом санапти! У билан ярашишдан кўра, ўзимни осишни афзал кўраман!”.

Эшик юмшоқ ғичирлаб очилди, лекин ёпилмади. Кимдир ичкарига кирди ва сокин, журъатсиз қадамлар билан диванга яқинлашди.

“Энди кўрамиз! Кечирим сўра, ёлвор, йиғла... Балони ебсан! Ўлсанг ҳам миқ этмайман... Мен ухлаяпман, гапиришни истамайман”.

Эр бошини ёстиққа чуқурроқ тиқиб олиб, оҳиста хуррак торта бошлади. Эркак кўнглини эритиш жуда осон эканлигини аёллар яхши билади.. Орқасида иссиқ танани ҳис қилган эр ўжарлик билан диван суянчиғи томон ўтди ва оёғини силтаб қўйди. 

“Ҳа... Энди суқиласан, ялтоқланиб, хушомадгўйлик қиласан... Кейин кечирим сўрашлар бошланиб кетади. Мен бу тантиқликларга дош беролмайман! Ҳартугул... уни кечиришимга тўғри келади. Бу аҳволда ташвишланиш унга зарар келтириши мумкин. Жиндаккина виждони қийналсин, сўнг кечирарман”.

Қулоғи устидан жимгина хўрсиниш учиб ўтди. Сўнг бошқачи, учинчиси... Эр ўзининг елкасида кичкина қўл тегинишини ҳис қилди.

“Ҳа, майли, инсоф ҳам керак! Охирги марта кечирганим бўлсин. Қийнаб қўйдим бечорани. Ўзим айбдорман, бўлмағур нарсага ғалаён кўтардим”.

– Ҳа, майли, жонгинам, бир гап бўлар, бир кун келиб яхшироқ овқат пиширишни ўрганарсан!..

Эр қўлини орқага узатиб, иссиқ танани қучоқлади.

- Уфф!!!

Унинг олдида Дианка лақабли катта ити турарди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.