Мутолаа. Замонавий жодугарнинг қайдлари. Ҳикоя

Қизиқ, ўзингиз билан ўзингиз бўлиб, тирикчилигингизни қилиб юрасиз, ҳеч кимга тегмайсиз, безовта ҳам қилмайсиз, тўсатдан аниқланадики, баъзилар сизни “жодугар” деб аташар экан!

Мен хафа бўлдим, деб айта олмайман, негаки, бу мен учун ҳақоратдан кўра кўпроқ илтифот! Марҳум бувим ҳам хурсанд бўлган бўларди. У киши ирсият яхши нарса эканлиги ва бу хусусият менга мерос сифатида ўтган деб ғурурланиб қўярди. Лекин мен жуда ҳайрон бўлдим. Ахир жодугарлик лаш-лушларидан менинг фақат биргина беадаб, тим қора мушугим бор-да.

Ҳа, ёшим ҳам аллақачон... аввалгисидан кўра... кейингисига яқин бўлиб боряпти. Лекин мен анчадан бери паспортимга қараганим йўқ. Севимли бувим айтганидек, ёшнинг фақат биринчи юз йилини ҳисоблаш қўрқинчли. Кейин кўникасиз. Кейин ҳисобда адашиб кетасиз.

Улов ҳақида гапирадиган бўлсам, кичкинагина яшил рангли “Peugeot” автомобилим ва яхши ҳавода катта завқ билан минадиган велосипедим бор. Ана шу велосипед кунлаб кириш эшиги ёнида ўтирадиган қари тасқараларнинг менга нисбатан совуқ муносабатда бўлишини келтириб чиқарди.

- Бу ёшда велосипед ҳайдаш одобсизлик, уялмайсизми? - деди бир куни улардан бири менга. Агар у мендан икки-уч ёш катта бўлса яхши, балки ёш ҳамдир, лекин қайнаб турган зардаси юзига чиқиб кетиб уни қаритиб қўйган, у ҳалитдан кўчага уйда кийиладиган халатда чиқиб ўтиради (Ҳа, раҳматли бувим бу ёшда учинчи марта турмушга чиққан эди!). Ойлаб скамейкада ўтиргани боис ўзи билан олиб чиққан буклама стулини сиғдиролмаётгандек кўринди кўзимга.

Нима... уялмайсизми... деганингиз нимаси, нега сиз қила олмайдиган нарсани қилаётганим учун мен уялишим керак, демоқчи эдим, лекин ўзимни босдим.

- Тўғри айтасиз, одобсизлик бўлиши мумкин, - деб жавоб бераман, - ўзи велосипедлар ёшлар учун чиқарилган. Сиз билан бизнинг ёшимизда, аллақачон супургида учиш керак! Лекин яхши супургини ҳозир қаердан топиш мумкин экан? Билмайсизми?

Кўринишидан, ўша “зарарсиз” ҳазилимдан сўнг “жодугар” лақаби охир-оқибат менга ёрлиқ сифатида яхшилаб ўрнатилиб қўйилди. Мен бунга умуман қарши эмас эдим. Қолаверса, бундан ўз манфаатим йўлида фойдалана бошладим.

Қўшни девор ортида бир аёл яшайди. Ана шу аёлни ҳақиқий жодугар деб айтса бўлади! Ўғли уйланганига бир-икки йил бўлди, келини ҳам яхшигина ёш жувон. Хуллас, бу кампир унга бекорга озор беради, дўқ-пўписа қилади ва буни жуда баланд овозда қилади. У шунчалик бақирадики, ҳатто менинг Қоравойим панжалари билан қулоқларини ёпади ва уйнинг қичқириқ эшитилмайдиган нариги четига чекинади. Бечора жувоннинг кўзлари ҳар доим ёшланган. Лекин у ҳеч қаерга кета олмайди, чунки ор-номуси кичкина боласи билан ота-онасиникига кетишга йўл бермайди.

Бир куни кўча бошида бу шум кампирни учратиб қолдим. Салом-аликдан сўнг унга меҳр билан гапира кетдим:

— Келинингизга айтинг, иккита кўча наридаги супермаркетга сўнгги русумдаги “богема” чиннилари, жуда ажойиб чойнак пиёлалар келган. Сотиб олиб қўйсин. Яқин орадаги дўконлардагиси сизга ёқмайди.

Қўшни аёл такаббурлик билан менга қаради:

— Уйимизда идиш-товоқлар етарлича, сиз қаердан биласиз менга қанақаси ёқиш-ёқмаслигини?

Мен қўлимни силкитиб:

- Жуда яхши биламан, овозингиз шунчалик баланд келадики, биз худди бирга яшаётгандек. Сиз ўзингиз ўйлаб чиқарадиган жанжалларга шу қадар кучли берилиб кетгансизки, кучанишдан бошингизда қон тўпланган. Мана бу ерда, - дедим ўнг кўзининг тепасида жойлашган жойга ишора қилиб. - Яна бир оз бақирсангиз, томирда ивиб қолган қон чиқиб кетиб инсульт бўлади. (Товба, нималар деяпман ўзи). – Хў-ў-ш, дарҳол ўша келиннинг онаси олиб бермаган тақар-туқурлардан сотиб олинг, кейин келадиган меҳмонлар олдига қўйиш учун. Оддийроғини қўйсангиз, улар айб қилиши тайин. Кейин кеч бўлади, ётиб қолсангиз, гапира олмайсиз, тилингиз ҳатто калимага келмайди.

Қўшни аёл балиққа ўхшаб оғзини очди. Мен кетмоқчи бўлиб, тўсатдан, гўё бир нарсани эслагандек, орқамга ўгирилдим:

- Дарвоқе, келинингизни кўп койиманг - тўшакда ёғочдек ётиб қолганингизда сизга у қарайди. Яна шўрвангизга бирор нарса қўшиб бермасин...

Кейин орқамга қарамасдан кетдим. Айтганча, ўшандан бери ҳайқириқлар худди сеҳрлаб қўйилгандек тўхтаб қолди. Қайнона ўз соғлиғи ҳақида қайғура бошлади чоғи...

Сиз эса жодугар отлиқ бўлиш ёмон, дейсиз. Бу жуда фойдали! Нафақат ўзингиз учун, балки бошқалар учун ҳам!

Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.