Мухбир бисотидаги жавоҳир

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги олдидан Самарқанд журналистикаси отахонларидан бири Облоқул Усмонқулов бундан бир неча йил аввалги ишчи суратларини бизга тақдим этди.
Суратлар орасида 1964 йилда олинган, тарихий шахс ва миллий қаҳрамонларимиздан бири Шоаҳмад Шомаҳмудов сиймоси ўрин олган тарихий фотосурат диққатимизни тортди.
- Бу сурат Ғалабанинг 20 йиллиги арафасида Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон” меҳмонхонасида фототасмага муҳрланган, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов. – Байрам муносабати билан Самарқанд шаҳри ва вилоят бўйлаб уруш даврида 16 нафар етим болаларнинг бошини силаб, ҳар бирини оқ ювиб, оқ тараган болажон ва меҳрибон халқимизнинг тимсолига айланган Шоаҳмад Шомаҳмудов билан ўтказилган учрашув унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган эди.
Газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири Лутфулла Ҳамроев, “Ленинский путь” (ҳозирги “Самаркандский вестник”) газетаси бош муҳаррири ўринбосари Василий Пушкарев, Самарқанд медицина институти ректори Мусо Ҳайитов иштирокидаги учрашувда Шоаҳмад ака ўтмиши, фарзандларининг камолга етиб, ўз ўрнини топаётганини мароқ билан сўзлаб берган эди.
Шоаҳмад Шомаҳмудов ва у кишининг ёстиқдоши Баҳри опа Акрамованинг иккинчи жаҳон уруши давридаги қаҳрамонлиги тилларда достон бўлди. Ўша учрашувда бу икки жаннати инсоннинг хайрли ишини давом эттирган каттақўрғонлик Ҳамид Самадов ҳам қатнашган эди.
Шундан буён орадан қанча вақт ўтмасин Шоаҳмад Шомаҳмудов, Ҳамид Самадовларнинг қаҳрамонликлари бугун ҳам одамлар ёдида. Уларнинг ватанпарварлик фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асар, кинофильмлар яратилди. Раҳмат Файзийнинг “Ҳазрати инсон” романи ҳамда “Сен етим эмассан” фильми бу ҳақдаги тасаввур ва тушунчаларимизни кенгайтиради.
Қувондиқ Халилов.