Наманган "қизил" ҳудудга, Сурхондарё "сариқ" худудга киритилди

Сурхондарё мавжуд эпидемиологик вазият туфайли “сариқ”, яъни ўрта хавфли ҳудудга киритилди.

Чунки вилоят бўйича 6 май кунига қадар 41 нафар шахс коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган. Шу кунгача уларнинг 29 нафари касалликдан бутунлай соғайган. 12 нафари айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Сурхондарё коронавирус инфекциясига чалинганлар кўрсаткичи бўйича республикада тўққизинчи ўринда турибди.

Наманган “қизил” ҳудудга киритилди: карантин қоидалари ҳозирча сақлаб қолинади.

Наманган мавжуд эпидемиологик вазият туфайли “қизил”, яъни юқори хавфли ҳудудга киритилди. Чунки вилоят бўйича 6 май кунига қадар 230 нафар шахс коронавирус инфекциясига чалингани аниқланган ва Наманган бу кўрсаткич бўйича республикада Тошкент шаҳри (668 нафар бемор), Бухоро вилояти (435) ва Хоразм вилоятидан (232) кейинги тўртинчи ўринда турибди.

Коронавирусдан ўлим ҳолати бўйича эса (4 та) Наманган пойтахт Тошкентдан сўнг (5 та) иккинчи ўринда қайд этилган.