Намунали мактабда муаммолар бор, бошқаларида-чи?
Бугунги кунда Жомбой туманида 56 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият олиб бормоқда. Мазкур таълим муассасалари куз-қиш мавсумига тайёрми? Шу саволга жавоб излаб тумандаги айрим мактабларда бўлдик.
Қаловини тополмаётган ўт ёқувчиларми ёки масъуллар?
Бешбола маҳалласидаги 51-мактаб тумандаги энг намунали таълим муассасаларидан бири. Мактаб 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастури асосида 2,5 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирланган. 536 ўринга мўлжалланган 2 қаватли замонавий бино, таълим муассасаси ҳовлисида экилган гулларни кўриб кўзингиз қувнайди. Аммо куз-қиш мавсумида синфхоналарни, айниқса спорт залини иситишда муаммолар борлиги аён бўлди.
Мактабда кўмир билан ишлайдиган 7 та қозонхонанинг барчаси соз ҳолатда. Фақат иситиш қозонларига сифатли кўмир етказиб турилса кифоя. Бу ерда куз-қиш мавсуми учун 50 тонна ёқилғи жамғарилиши режалаштирилган. Шундан 20 тоннаси келтирилган. Аммо унинг асосий қисми кукундан иборат. Бу каби сифатсиз ёқилғи билан куз-қиш мавсуми беталофат ўтиши мумкинми, деган саволга мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Нилуфар Раҳматовадан жавоб ололмадик. У “Тўғрисини айтиб “катта”лардан бошим балога қолмасин”, деди, холос.
– Бу саволингизга мен жавоб берсам майлими? – деб суҳбатимизга қўшилди бир киши. – Мактаб қоровулиман. Совуқ кунларда ўт ёқувчиларга ёрдамлашаман. Келтирилган кўмирнинг 60 фоизи кукун. Элакдан ўтказиб ишлатиладиган бўлса бу кўмир бир ойгаям етмайди. Ўтган йили ҳам худди шундай сифатсиз кўмир берилганди. Сектор раҳбарига бу муаммо ҳақида мурожаат қилганимизда халқ таълими бўлими вакиллари шу кўмир билан ҳам иситиш мумкинлигини, қаловини тополмаётганимизни айтиб, ўзимизни айблаганди. Кейин ўт ёқишни ўргатиш мақсадида қозонхоналар бўйича мутахассислар келди. Улар ҳам кун бўйи уриниб хоналарни иситолмагач, ҳақ эканлигимизга амин бўлди ва мактабимизга икки юк машинасида сифатли кўмир келтирилди. Шундан кейингина хоналаримиз исий бошлади. Мактабимизни таъмирлаган қурувчилар қозонхоналарнинг мўрисини жойлаштиришда узоқни ўйламаган. Мўрилар одатда бинонинг том қисмидан баландроқ бўлиши керак. Бизда аксинча бўлгани учун мўрилардан чиқаётган иссиқлик, тутун ва учқунлар бино том қисмидаги тунука ва ёғочларга бориб урилади. Бу эса ёнғин хавфсизлигига зид.
Туманнинг намунали мактабида шунча муаммо бўлса, бошқаларида шароит қандай экан, деб ўйланиб турганимизда, қоровул амаки сўзини давом эттириб қолди:
– Мухбир укалар, ёзаман десангиз яна бир муаммомиз бор. Мактабда ўт ёқувчи бўлиб ишлашни ҳеч ким хоҳламайди. Чунки кунига 24 соат иш. Ҳар бир қозонхонага бир суткада 200 килограмдан, еттита қозонхона бўладиган бўлса 1 тонна 400 килограм кўмир ташиб, ўт ёқиб туриш керак. Ўтган йили уч нафар ишчи навбатчилик асосида шу юмуш билан шуғулланди. Иши оғир, ойлик маоши эса 500 минг сўмдан зиёдроқ.
Наймандаги мактаб муаммоларининг ягона ечими – янги бино
Туманнинг энг чекка ҳудуди - Найман маҳалласида 2002 йилда ҳашар йўли билан қурилган 320 ўринли мактаб бор. 20 та хонадан иборат бу пастқам бинонинг аҳволи анча оғир. 5 тонна кукунли кўмир келтирилганини ҳисобга олмасак, мактабда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмаган, деса ҳам бўлаверади.
Мактаб ўқитувчиларининг айтишича, қурилгандан бери яқинда пандемия сабаб хоналарни шамоллатиш учун очилган дераза ромлари шишиб, қайта ёпилмай қолган. Айримлари чирий бошлаган. Бино ичкарисига киришингиз билан зах босган залга кўзингиз тушади. Биров сув сепиб қўйгандек гўё. Деворлар ёрилиб кетган. Зал ва хоналар шифти сарғайганига қараганда томдан чакка ўтади. Мавжуд 4 та иситиш қозонидан 2 таси носоз.
- Кўриб турганингиздек биномиз ачинарли аҳволда, - деди мактаб директори Воҳид Мавлонов. – Имкон қадар ўқувчиларимизга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Ёмғир ёғса мактаб томидан чакка ўтишини ўйлаб хавотирга тушамиз. Синган шиферларни алмаштиришга ҳаракат қиламиз. Маҳалламиз одамлари ёрдам қилишади. Кимдир янги, кимдир эски бўлсаям шифер кўтариб келади. Қозонхоналаримизнинг 2 тасида сувни айлантириш тизими яхши ишламайди. Хоналарнинг эшик ва дераза ромлари ҳам эскирган.
Бир сўз билан айтганда, ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам мактаб учун янги бино қурилишидан умидвор. Шундагина муаммолар бартараф этилиши мумкин.
Қоғозда – ҳаммаси яхши. Амалда-чи?
Туман халқ таълими бўлимидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда Жомбойдаги 16 мактаб табиий газ билан, қолганлари эса кўмир билан истилади. Бу мактабларга 2020-2021 ўқув йили куз-қиш мавсуми учун 285 тонна кўмир ва 882 тонна кўмир брикети тарқатилиши режалаштирилган. Шу пайтга қадар режадаги кўмирнинг барчаси ва кўмир брикетининг 266 тоннаси таълим муассасаларига етказилган. Шунингдек, 24 та мактабга 300 метр квадрат ойна тарқатилган.
Бу рақамлар фақат қоғозда эмасми? Энг намунали, деб айтилган 51-мактабга шу пайтгача 50 тонна кўмирнинг 20 тоннаси келтирилгани ва унинг ҳам асосий қисми кукунлигини эътиборга олсак, бошқа мактабларда вазият қандай экан?
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
«Зарафшон».