«Нанофотоника, метаматериаллар ва фотоволтаика»: 23-27 май кунлари СамДУда шу мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтади

Дунё миқёсидаги олий таълим муассасаларида (ОТМ) илм-фан ва ўқув жараёнларини ривожлантириш мақсадида турли хил лойиҳалар мавжуд бўлиб, булар орасида Европанинг Erasmus+ лойиҳалари муҳим роль ўйнайди.

Ушбу лойиҳанинг асосий вазифалари Европа ва Осиё мамлакатларида фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнини янада ривожлантириш билан бирга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда таълимда янги йўналишларни шакллантириш учун маълум миқдорда маблағлар ажратишга қаратилган.

2022 йилда Erasmus+ илмий лойиҳалар танлови эълон қилинган бўлиб, ушбу танловда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети (СамДУ), Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ), Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч (ТАТУУФ) филиали ҳамда Ўзбекистон Миллий университетлари (ЎзМУ) ҳамкорликда иштирок этиб, 700 га яқин илмий лойиҳалар ичида ғолиб бўлиб, 650 минг евро миқдордаги грант соҳиби бўлди. Лойиҳа 2023-2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистонда телекоммуникация меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш учун республикамизда фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасаларида «Фотоника ва оптик толали алоқалар» бўйича инновацион магистратура таълим йўналишини очишдан иборатдир. INMACOM (Innovative Master's program in photonics and optical Communications) лойиҳасида СамДУнинг профессор-ўқитувчилари, магистр ва талабалари ҳам иштирок этмоқда. Ушбу лойиҳада СамДУ билан бирга Италия, Бельгия ва бошқа давлатларнинг олий таълим муассасалари ҳам қатнашади.

Фотоника ва оптик алоқа, оптик толали компонентлар фундаментал тадқиқот йўналиши дунёдаги ҳар қайси мамлакат учун муҳим соҳа ҳисобланади. Бугун ҳаётимизнинг асосий қисмига айланган смартфонлардан тортиб ноутбуклар, интернет тўлқини, у орқали ахборотларни узатиш жараёни – ҳамма-ҳаммаси фотоника билан боғлиқ. Фотоника – оптиканинг бир бўлими бўлиб, нурланиш, узатиш, модуляция, сигналларни қайта ишлаш, алмаштириш ва кучайтириш орқали фотонлар шаклида ёруғлик тўлқинини ҳосил қилиш ҳамда унинг хусусиятларини ўрганиш технологиясидир. Тўлқинларнинг хусусиятлари ва фотонларни ўрганиш орқали интернет тезлигини ошириш, маълумотларни тез, сифатли ва ишончли узатиш, рақамли тиббиёт каби муҳим тармоқларда самарали натижаларга эришиш мумкин.

Шу йил 9-11 март кунлари СамДУда лойиҳа иштирокчиларининг дастлабки учрашув йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги, СамДУ, ЎзМУ, ТАТУ, ТАТУУФ, Италиянинг Турин политехника институти, Бельгиянинг Гент университети ва Европадаги бошқа ҳамкор университетларнинг мутахассислари, шунингдек, телекоммуникациялар соҳаси вакиллари бўлган “MIR SOLAR” компанияси ҳамда UZTELECOMнинг Хоразм филиали мутахассислари ҳам қатнашди.

Учрашувда Самарқанд давлат университетининг оптика ва спектроскопия кафедраси қошида мазкур соҳа бўйича магистратура йўналишини очиш ва ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳақида келишувлар ҳамда амалий таклифлар алмашинилди.

Ушбу лойиҳани бажаришда академик А.Отахўжаев асос солган оптика ва спектроскопия кафедраси танлаб олиниши бежиз эмас. Чунки, бугунги кунда ушбу кафедра 100 фоиз илмий салоҳиятга эга бўлиб, 5 нафар фан доктори, профессорлар, 9 нафар фан номзоди, доцентлар фаолият юритади. Шунингдек, ушбу кафедрада Ўрта Осиёда ягона ва тан олинган «Оптиклар илмий мактаби»нинг яратилиши билан биргаликда кафедрада маблағ билан таъминланган 2 та халқаро ва 1 та республика миқёсдаги илмий лойиҳалар бажарилмоқда.

Шу йилнинг 23-27 май кунлари СамДУда «Нанофотоника, метаматериаллар ва фотоволтаика» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Конференцияда фотоника ва материалшунослик йўналишида бажарилган илмий ишларни муҳокама қилиш учун АҚШ, Хитой, Италия, Исроил, Жанубий Корея, Англия, Германия, Россия ва бошқа давлатлардан жами 40 га яқин чет эллик олимлар билан биргаликда республикамиздаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида фаолият кўрсатаётган олимлар иштироки кутилмоқда.

Худди шунингдек, 25-27 май кунлари Бельгиянинг Гент университетида INMACOM лойиҳаси бўйича навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтади. Йиғилишда СамДУдан профессор Аҳмаджон Солиев бошчилигида бир қатор олимларнинг иштироки режалаштирилган.

Ўйлаймизки, ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда телекоммуникациялар соҳасида меҳнат бозорини ривожлантириш учун университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасида алоқалар йўлга қўйилади.

INMACOM пойтахт ва республика ҳудудларида телекоммуникациялар ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган фотоника ва оптик алоқага ихтисослашган янги авлод ахборот коммуникация технологиялари муҳандисларини тайёрлаш учун таълим базаси яратилади. Самарқанд давлат университетида очилаётган янги фотоника ва оптик алоқалар магистратура йўналиши бу борада муҳим эшикларни очишига ишонамиз.

А.Жумабоев,

профессор.