Нақшинигорлар жозибаси

Ҳар қандай архитектура ва шаҳарсозлик жамиятнинг ижтимоий ҳаёти, инсониятнинг таълим олиши, маданий-маърифий эҳтиёжларини қондирувчи моддий асос бўлиб хизмат қилади. Демак, биз қураётган ҳар бир бино ва иншоот ҳам кўриниши, ҳам узоқ вақт хизмат қилиши борасида унда истиқомат қилаётган фуқаролар, хизмат соҳаси ходимлари дидига мос барпо этилиши лозим. Тан олиб айтишимиз керак, бундан ўттиз-қирқ йил аввал қурилган тураржойлар, маданий-маиший иншоотлар ана шу талабларга жавоб бермаслиги кейинчалик аён бўлиб қолди.
Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, архитектурадаги бу "қолип" оддий гугурт қутиси ёки унинг бадиий образи эди, холос. Мазкур "қолип" кейинги йилларда, ҳатто ҳозирда ҳам кун тартибидан тушмади ва аксинча, ривожлантирилди. Натижада архитектура объектларининг аксариятида кўркамликка путур етди.


Тўғри, бу давр архитектурасида ижобий ўзгаришлар рўй берди. Бироқ улар асосан қурилишда қўлланилган янги бинокорлик ашёлари, конструкциялар, ташқи ва ички пардозлар, муҳандислик жиҳозлари ҳисобидан амалга оширилди. Шунинг учун бундай образларга деярли янгилик киритилади. Масалан, 1966 йили Тошкентда рўй берган кучли зилзила туфайли Ўзбекистонда кўп қаватли баланд тураржой биноларини қуриш мумкин эмас, деган нотўғри фикрлар пайдо бўлди. Айниқса, Самарқандда қурилаётган тураржой бинолари шаҳарнинг қайси ҳудудида жойлаштирилишидан қатъи назар, тўрт қаватдан ошмаслиги тўғрисида кўрсатмалар берилди. Бу эса ҳозирга қадар шаҳар кўчалари архитектураси ва келажагининг бир хиллигини келтириб чиқарди. Оқибатда уйлар бир-бирига ўхшаш, бир хил қаватда ва ҳатто бир хил рангларда барпо этилди. Кўчалар "келажаги" мутлақо меъморий акцентларсиз, фазовий-бадиий ҳис-ҳаяжонларсиз, уларнинг меъморий қиёфаси зерикарли тарзда шакллантирилди.


Самарқанднинг тарихий қисми, яъни эски шаҳарда эса вазият тамомила аксинча: баланд пештоқлар, осмонўпар миноралар, кўкка бўй чўзган феруза гумбазлар, хусусий уйларнинг болохоналари ва шийпонлари, чорраҳалардаги чорсулар шаҳар қурилиши ҳамда қиёфасининг ўзига хослигини асрлар оша таъминлаб келмоқда. Нафақат ўзимизда, балки республикамизнинг шаҳар ва қишлоқларида ҳам бир қолипдаги иморатлар барпо этиш авж олган эди.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундай ҳолатга кескин чек қўйди. Энди шаҳар ва қишлоқларимизда қурилаётган маданий-маиший, тураржой бинолари маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда замон андазаларига мос тарзда барпо этилмоқда. Биноларнинг нафақат архитектураси ва типологияси, балки кўриниши, меъморий ечимлари ижобий томонга ўзгарди. Икки қаватли уй-жойлар, 2 ва 4 сотихли ҳовлилар арзон нархларда турлича меъморий ечимларда барпо этилмоқда. Бошқача айтганда, республикамиз архитектураси ва шаҳарсозлигига бўлган муносабат ҳам ўзгарди. Энди шаҳарсозлик лексиконига "ақлли шаҳар", "ақлли боғ", "ақлли маҳалла" каби атамалар кириб келмоқда.


Жумладан, Самарқанд шаҳрида собиқ "Алпомиш" заводи ҳудудида халқаро бизнес ва туризм маркази, ипак йигирув фабрикаси ёнида кўп қаватли тураржой бинолари, Чўпонота ҳудудида келгусида қурилиши мўлжалланган янги шаҳарча, эшкак эшиш канали ёнида барпо этилиши режалаштирилган «Самарқанд сити» ҳам шаҳарсозлигимизда қарор топаётган янги йўналишлардир.
Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида республикамиз архитектураси ва шаҳарсозлигида янги давр бошланиши айтилди. 2018 йилдан эътиборан қурилиш соҳасини буткул ислоҳ қилиш ва унинг 2030 йилгача инновацион ривожлантириш дастури ишлаб чиқилишини даврнинг ўзи талаб қилмоқда.


Мурожаатномада айтилган гаплар биз, архитектор-педагогларни ҳам янгиликка интилиб ишлашга даъват этиши шубҳасиз. Бу замонавий билимга эга ёш архитекторларни тайёрлашимиз зарурлигига бир ишорадир. Институтимиз профессор-ўқитувчилари азалдан қарор топган меъморий-архитектуравий меросимизни янада бойитиб, бир пайтлар жаҳонни лол қолдирган нақши-нигорларимизни янгича замонавий бичим ва ўлчамда намойиш этишда ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Султон АҲМЕДОВ,
Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ректори. 
Аҳтам ЎРОЛОВ,
меъморчилик фанлари доктори,
профессор.