Нарпайда жонли ижрода куйлайдиганлар бор
Zarnews.uz сайти ва “Зарафшон” газетасининг 2020 йил 18 июль 80-сонида чоп этилган “Самарқандда жонли ижро айтадиган санъаткор борми?” сарлавҳали мақола эътиборимни тортди. Ўқиб, ўзим ҳам санъат соҳасида фаолият юритганим учун фикр билдиришни лозим топдим.
Илгари ҳофизларимиз жонли ижрода куйлаганлари боис “жонли ижро” ёки “фонограмма” деган тушунчалар йўқ эди. Ҳаётимизга замонавий технологиялар кириб келгач, санъат соҳасида фонограмма тушунчаси пайдо бўлди. Замонавий технологиялар яхши албатта, аммо бу санъатга ҳақиқий ижодкорлар билан бирга овози бўлмаган қўшиқчиларнинг ҳам кўпайишига замин яратди. Ҳатто, рекламаларда ҳам “Қўшиқлар жонли ижрода куйланади” ёхуд бунинг акси – “...фонограмма орқали...”, дея огоҳлантиришларга гувоҳ бўламиз.
Энг ёмони номдор "қўшиқчилар”имиз ҳам лаб қимирлатиб томошабинни алдамоқда. Фонограммада ижро этиладиган концертга киргандан кўра, уйда ўтириб, исталган қўшиқчининг концерти ёзилган дискни тинглаш, томоша қилиш афзал.
Ўйлаб қарайдиган бўлсак, агар санъаткорнинг тўғридан-тўғри ўзидан эшитадиган ашула жонли ижро бўлса, унда фонограммани “ўлик ижро” десак тўғрироқ бўларкан.
Эл севган оқин, Нарпай фарзанди Ислом шоир достон ёки терма айтганда одамлар сел бўлиб тинглашган. Юзлаб меҳнаткашлар даврасида куйлаган бахшининг овозини кенг даладаги ҳамма эшитаркан. Нега бугунги айрим санъаткорлар бунинг уддасидан чиқишмаяпти?
Туманимизда ўз овозига эга қўшиқчилар талайгина. Масалан, туман маданият бўлимида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган Собир Бойхоновни олайлик. У киши катта-кичик тадбирларда шундай жўшиб куйлайдики, ширали овози дилларга хуш ёқади. Ёки ёш истеъдод эгаси Азизбек Маматов операми ёки катта ашула, ҳатто жаҳон эстрадаси йўналишида ҳам маҳоратини намойиш эта олади.
Шу ўринда яна бир нарпайлик хонанда Фарҳод Одиловни ёд этиш лозим. У “Оҳанрабо” дастурида ўзининг гўзал хонишлари билан барчанинг эътибор ва эътирофига сазовор бўлган.
Нарпайда бу каби истеъдод эгалари жуда кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш керак. Биз эса бу борада бир қатор ишларни амалга оширяпмиз. Туманимиздаги йигит-қизлар орасидан истеъдодлиларни танлаб, онлайн концертлар уюштиряпмиз. Онлайн концертларда уларнинг жонли ижродаги имкониятлари синовдан ўтяпти. Насиб этса, туманимиздан халқ севган санъаткорлар етишиб чиқишига ишонамиз.
Хуршид Гадоев,
Нарпай тумани маданият бўлими бошлиғи.