Нарпайнинг «Жасорат»ли ўғлони

Онаси уни эркалаб, “Менинг супрақоқтим, менинг боқувчим” дерди. Афсуски, бу кунларни кўриш онаизорга насиб этмади. Ҳикоямиз қаҳрамони – Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмда взвод командири, капитан Нарзиев Бобур Норқўзи ўғли.
Бобур Нарзиев Нарпай тумани Болғали қишлоғида зиёлилар оиласида туғилди. У оилада етти фарзанднинг энг кичиги. Болалигидан бир сўзли, илмга чанқоқ бўлиб ўсди. Отаси Норқўзи ака Бобуржонга ҳалолликни, мардликни, ҳақиқий ватанпарварликни ўргатди. Онаси Рўзибуви ая тўғри таълим-тарбия берди. Бобур мактабни аъло баҳоларга битиргач, Тошкент ҳарбий академияси (собиқ Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти)да таҳсил олди. Ҳаётини Ватан ҳимоясига бағишлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Бобур Нарзиевнинг ҳам борлиги нарпайликларни хурсанд қилди.
Эътиборлиси, Б.Нарзиев «Жасорат» медалини шахсан Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевдан қабул қилиб олди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.