Наслли ёки маҳаллий қорамол уларнинг қайси бири маҳсулдор?

– Зотдор моллар асосан, Германия, Польша, Голландия, Қозоғистон, Украина, Белорусь ва Австрия давлатларидан келтирилмоқда, – дейди жамият раиси Шуҳрат Тошпўлатов. – Чорва молларини келтираётган давлатнинг об-ҳавосидан келиб чиқиб, республикамизнинг нисбатан юқори ҳарорат кузатиладиган вилоятларига иссиқсевар зотлар ёки салқинроқ иқлимга яхши мослашадиган ва тез ривожланадиган чорва зотлари ҳудуд шароитидан келиб чиқиб тақсимланади. Масалан, вилоятимизга асосан "Голштин", "Симментал" ва "Қизил чўл" зотлари келтирилади. Чунки бу зотлар ҳудуд иқлимига тезда мослашади ва маҳсулдорлиги анча юқори ҳисобланади. Қорамоллар буюртма асосида талаб ва хўжаликларнинг имкониятидан келиб чиқиб, туманларга берилади. 2006-2015 йилларда келтирилган 6266 бош наслли қорамолдан ўтган йиллар давомида 10383 бош бузоқ олиниб, зотдор моллар сони 16,5 минг бошдан ошди.
Вилоятимизда чорва наслини яхшилаш ва маҳсулдорлигини оширишга қаратилган дастурлар асосида йил бошидан буён 1800 бошдан зиёд зотдор қорамоллар келтирилди. Натижада эҳтиёжга керакли гўшт ва сут маҳсулотлари билан ички бозорни янада яхшироқ тўлдириш имкони яратилмоқда.
Туманларда ҳам хўжаликларнинг шароитидан келиб чиқиб, наслли чорва моллари кўпайтирилмоқда. Масалан, Жомбой туманида бу борада салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
– Тумандаги 86 та чорвачилик хўжаликлари 2011-2016 йилларда хориждан 640 бош наслли қорамол келтириб, сунъий уруғлантириш орқали 450 бошдан ортиқ наслли бузоқ олди, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги чорвашуноси Равшан Рустамов. – Қишловни беталафот ўтказиш учун 7051 тонна дағал хашак жамғарилди ва молларда учрайдиган 9 турдаги хавфли касалликларга қарши эмланди. Жорий йилда "Pure Milki Products" масъулияти чекланган жамияти томонидан Германия давлатидан 1200 бош "Голштин" зотли наслли қорамол келтирилиб, карантин ҳолатида сақланмоқда. Йил якунига қадар яна 250 бош зотдор буқа ва 50 бош соғин сигир олиб келинади.
Рақамларда солиштирадиган бўлсак, ўтган йилларда ҳар бир наслли қорамол 8 миллион сўмгача харид қилинган бўлса, ҳозирда бир бош зотдор қорамол 9-10 миллион сўмгача баҳоланяпти.
Энди маҳаллий ва наслли қорамолнинг афзалликларини таққослаб чиқсак. Хўш, наслли қорамол олиш учун катта маблағ сарфлаш тўғрими? Айтайлик, маҳаллий қорамол бозорда 3-4,5 миллион сўмгача баҳоланади. Бир йилда 1,5-2 тоннагача сут бериши, бузоғининг туғилгандаги оғирлиги 15-20 килограмм ва у бир ёш вақтидаги вазни 100-120 килограмгача етиши мумкин. Демак, маҳаллий қорамолдан бир йилда олинадиган 2 тонна сутни бозор нархида баҳолаганимизда 4 миллион сўм бўлади. Гўшт нархини ҳам қўшадиган бўлсак, бир йилда 8 миллион сўм атрофида даромад олишингиз мумкин. Наслли қорамолдан эса бир йилда камида 5 тонна сут олинади, бу бир йилда 10 миллион сўм даромад, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, наслли қорамолнинг харид нархи ундан олинган сутнинг ўзидан қопланади деганидир. Бундан ташқари, олинадиган бузоқ туғилган вақтда 55 килограмгача бўлади. Бир йилда 200-250 килограмгача, бўрдоқига боқилганлари эса 800-900 килограмгача тош босади. Кўриниб турибдики, наслли қорамоллар маҳсулдор ҳисобланади.
"Абдураҳмон Мардон чорваси" фермер хўжалиги тумандаги 6 та наслчилик хўжаликларидан бири ҳисобланади. Хўжаликка 2016 йилда Австрия ва Германия давлатларидан 206 бош "Симментал" ва "Голштин" зотли наслли қорамоллар олиб келинди.
– Бир йил давомида 120 бош соғин сигирдан 58 бош наслли бузоқ, 1 тонна гўшт, 157,8 тонна сут олинди, – дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Қаҳрамон Мардонов. – Хўжалигимизга 63 гектар майдон бириктирилиб, у ерда чорвага керакли озуқа етиштиряпмиз. Бу йилги қишлов мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш учун жами 200 тонна дағал хашак ва 800 тонна ширали озуқа жамғардик. Чорва молларидан биринчи бузоқ олинишидан кейин ўртача 20-25 литрдан сут олаётган бўлсак, иккинчи туғишдан сўнг ҳар бир қорамолдан ўртача 40 литрдан сут олишни мўлжаллаяпмиз. Ўтган йили Германия давлатига бориб, чорвачилик борасида тажриба ошириб келдим. Чорвани озиқлантиришдан тортиб, соғиш жараёни, озиқлантириш, барча-барчаси компьютерлаштирилган.
Туманнинг Тут маҳалласида жойлашган "Т.Камолжон" фермер хўжалигида 42 бош наслли ва маҳаллий қорамол, отлар ва 30 бош қўй боқилади. Улар бир неча йил олдин тажриба тариқасида наслли чорва моллари келтиришганди.
– 2013 йили Польшадан 4 бош ёш ғунажин олиб келгандик, ҳозир 8 бош бўлди, бундан ташқари 4 бош бўрдоқини сотдик, – дейди хўжалик бошлиғи Фазлиддин Тўрақулов. – Наслли чорва молларига талаб бу қадар ортиб бораётганлигини ўз тажрибамда кўрдим. "Сигирнинг сути тилида", деган мақол бежиз эмас. 17 хил компонентдаги озуқасини вақтида бериб турсангиз, маҳсулдорлиги пасаймайди, қолаверса, йилда биттадан зотдор моллар сони ортади. Хуллас, хориждан келтирилган наслли чорва зотларини маҳаллийлаштириш яхши самара беради. Биз ҳам шу йўналишда ишни давом эттирмоқчимиз. Яқинда Тошкент вилоятининг Ангрен ва Оҳангарон туманларидаги фермерларнинг Австриядан олиб келган шифобахш сут берадиган наслли эчкиларини кўриб келдик. Бизга маъқул бўлди. Кейинги йилдан хўжалигимизда наслли эчкичиликни йўлга қўйиб, шифобахш сут етиштирмоқчимиз. Бунинг учун Россиянинг Уфа шаҳридан 200 бош зотдор эчки олиб келишни режалаштиряпмиз.