Натижаси махфий Россия ва АҚШ музокаралари ортидан АҚШ ва Украина музокаралари. Исроил Ғазода қачон уруш тугашини айтди. Тель-Авив аэропортига зарба

🔹 Бугун Ар-Риёдда Украина ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг иккинчи (биринчиси якшанба куни ўтган) босқичи бўлиб ўтди. Айтилишича, унда Қора денгиздаги энергия инфратузилмасига ҳужум ва ҳарбий ҳаракатларни 30 кунга тўхтатиш муҳокама қилинган. Бир кун аввал Ар-Риёдда ўтган Россия ва АҚШ ўртасидаги 12 соатлик музокараларда Украинада қисман ўт очишни тўхтатиш масаласи кўтарилгани айтилаётган бўлса-да, «музокара натижалари Москва ва Вашингтонга етказилган ва ҳозирда таҳлил қилинмоқда. Аммо музокаралар мазмуни, албатта, эълон қилинмайди, чунки алоқалар техник хусусиятга эга», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
🔹 Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт радикаллар ушлаб турган барча гаровдагилар озод қилингач, Ғазо қуролсизлантирилиб, ҲАМАС ҳамда Исломий жиҳод радикал гуруҳлари қуролли тузилмалари сектордан чиқиб кетганидан сўнг якунланиши мумкин. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Гидеон Саар маълум қилди.
🔹 26 январда ўтган сайловларда Беларус президенти этиб еттинчи муддатга сайланган Александр Лукашенко расман ўз лавозимига киришди. Бугун Минскда президентнинг инаугурация маросими ўтказилди.
🔹 Яманлик исёнчи ҳутийлар Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропортига ҳужум қилди. Шунингдек, улар Қизил денгиздаги АҚШ авиаташувчи кемаси ва бошқаларга зарбалар берган. "Биз Ғазо бўйлаб тажовуз ва қамал тугамагунча Исроил кемаларига тўсқинлик қилишда давом этамиз", демоқда ҳутийлар.
🔹 АҚШ президенти Доналд Трамп аввал ажратилган “фавқулодда бюджет харажатлари”ни қарийб 3 миллиард долларга қисқартиради, шундан 2,5 миллиард доллари ташқи ёрдамга, яъни миграция ва қочқинлар билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, Молдова ва Грузиядаги иқтисодий ривожланиш ҳамда инклюзия билан боғлиқ лойиҳаларга ажратилиши мўлжалланган эди.
🔹 Ноқонуний муҳожирлар Польшага бостириб киришмоқда. Кечанинг ўзида Беларусдан Польша чегарасига киришга деярли 90 та уриниш қайд этилган.
🔹 Япониянинг Сидзуока префектураси округ суди тўрт кишилик оилани ўлдиргани учун сохта айбловлар билан 47 йил қамоқда ўтирган 89 ёшли Ивао Хакамадага тахминан 217 миллион иен (тахминан 1,44 миллион доллар) товон пули тўлашга мажбур қилди.
Г.Холдорова тайёрлади.