«Навбатдаги дастур асосида ҳал этилади», деган бир парча қоғоз ёки «касал жамият»даги ҳар бир фуқаро ўзини ўзи даволаши ҳақида
Шуҳрат Полвонов яқинда Самарқандда бўлганида Паст Дарғом туманидаги 88-мактаб учун спорт зали кераклиги, Машъал ҳамда Гулистон маҳаллаларида ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаси, спорт майдончалари зарурлигига гувоҳ бўлганди.
Хўш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бу муаммоларни ҳал қилиш учун қандай чора-тадбирларни амалга оширди? У қайд қилинган масалаларни қанча муддатда ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайди?
- Сайловчилар томонидан билдирилган, ҳал этилиши ижро ҳокимияти ва маблағга бориб тақаладиган муаммолар депутатлик фаолиятимдаги энг оғриқли ҳолатлар, деб баҳолаган бўлардим, - дейди Ш.Полвонов. - Ёрдам қилишни истайсиз, югурасиз, мансабдорлар эшикларини тақиллатиб, муаммони тушунтирасиз, охири «навбатдаги дастур асосида ҳал этилади», деган бир парча қоғоз тутқазишади.
Сиз айтиб ўтган масалалар бўйича ҳам туман ҳокимлигига ва республиканинг мутасадди идораларига мурожаатлар чиқардик, лекин ижро ҳокимияти «авзойи»га қараганда бу масалаларни ҳал этишнинг аниқ муддатини айтиш қийин.
Биласиз, мен сайланган сайлов округи асосан Нуробод ва Паст Дарғом туманининг бир қисмини ташкил қилади. Юқорида қайд қилинган аччиқ тажрибалардан келиб чиқиб, жорий йил март ойидан сайловчилар муаммолари билан ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш бўйича ишларни бошладик. Бу борада ўрни келганда батафсил ахборот бериб борамиз.
- Давлатимиз раҳбари айни пайтдаги парламентга биринчи мурожаатида саноқли депутатларнинг фаоллигини, шу жумладан, Сизни ҳам эътироф этганди. Жорий йилда Қонунчилик палатаси томонидан Сизга «Адолатли депутат» мақоми берилди.
Қайси меҳнатларингиз эвазига шу мақомга лойиқ топилдим, деб ўйлайсиз?
- Мен халқ вакили деган даражага эришганимнинг ўзи юксак бир мақом, деб ўйлайман. Сайловчилар томонидан билдирилаётган масалалар ечими бўйича ҳаракатларимиз, парламент назоратига доир масалалар ва қонун лойиҳалари муҳокамалари давомида ҳам умуман бирон бир эътироф ёки мақомга эга бўлиш мақсади бўлмаган. Шу сабабли, давлат раҳбарининг эътирофи ва “Адолатли депутат” мақоми берилиши кутилмаган ҳолат бўлди. Менга булар фақат қўшимча масъулият юклади.
- Шуҳрат Тагаймуратович, аксарият сайловчиларингиз кўп йиллар суд, иқтисодий суд тизимида ишлаганингиздан хабардор. Бугунги кунда профессионал қонун ижодкорисиз, қайсики, мамлакатнинг мавжуд қонунлари ва унинг одамларини ҳуқуқий савиясидан бошқалардан кўра яхшироқ хабардорсиз.
Шу маънода, депутатлар, қолаверса сайловчилар олдида қандай вазифалар турибди, деб ҳисоблайсиз?
- Бугун «фалончи шунча пора эвазига ишга кирибди», деган гапни эшитсак ҳайрон бўлмаймизу, «фалончи ҳеч қандай таниш-билишсиз ишга кирибди», деган гапни эшитсак ҳайратланамиз. Сизга бу таниш туюляптими? Нега? Бу нимани англатади?
Назарияда «касал жамият» тушунчаси бор. Бу жамият ҳаётида рўй бераётган барча ноқонуний воқеликлар жамият аъзолари томонидан «табиий ҳол» тарзида қабул қилинишидир. Бугун биз қанчалик тез «жамиятимиз касал» эканлигини тан олсак ва ҳар биримиз ўзимизни ўзимиз «даволаш»ни бошласак, ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар ўша ондан бошланади.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.