Навоийда ИИБ ходими пичоқланди
14 декабрь куни Навоий вилоятида фуқаронинг чақириғи бўйича келган ички ишлар ходими пичоқланди. Бу ҳақда “Postda” нашри хабар берди.
Зарафшон шаҳар 2-кичик туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган Ҳ.Ж. уйига маст ҳолда қайтиб, жанжал кўтариб, турмуш ўртоғи Р.И.ни ўлдириш билан таҳдид қилган.
Ҳ.Ж. уйидан ўткир тиғли буюм тополмай кўчага отланганидан фойдаланган Р.И. ҳудудда хизмат олиб бораётган Зарафшон шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Фарид Соибовга мурожаат қилади.
Профилактика инспектори жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси З.Эркинов билан бирга воқеа жойига етиб борган.
Кўчадаги дўкондан ошхона пичоғини сотиб олиб, уйига қайтган Ҳ.Ж. эшик олдида ички ишлар органи ходимини кўргач, ичкарига киришга ҳаракат қилади. Бироқ бунга йўл қўймаган лейтенат Ф.Соибов вазиятга ойдинлик киритиш учун гаплашиб олишлари лозимлигини маълум қилади. Шу пайт фуқаро Ҳ.Ж. енги ичида яшириб олган пичоқ билан унинг қорин қисмига бир неча марта жароҳат етказиб, ичкарига бостириб киради.
Оғир жароҳат олган бўлишига қарамасдан профилактика инспектори Ҳ.Ж.ни қўлга олиб, зарарлантиришга муваффақ бўлади.
Ф.Соибов оғир аҳволда шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Ўз вақтида зарур чоралар кўрилгани сабабли ички ишлар органи ходимининг ҳаёти сақлаб қолинди.
Фуқаро Ҳ.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди.
“Юқори жанговар шайлик ва жасорат намунасини намойиш этган лейтенант Ф.Соибовни рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда”, дейилади хабарда.