“Навоийуран” Самарқанд вилояти иқтисодиёти ривожи ва ижтимоий ҳаёти ўзгаришига бефарқ эмас

Ушбу корхона нафақат Навоий вилояти, балки ишлаб чиқариш майдонлари жойлашган қўшни ҳудуд - Нуробод туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Хусусан, “Навоийуран” давлат корхонаси табиий уран маҳсулотини ишлаб чиқариш билан бирга Нурободда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ва иш ўринларини яратиш борасида ҳам кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Биргина мисол сифатида Нурободда янги майдонларнинг ишга туширилиши, вилоятнинг етакчи футбол жамоаси — “Динамо” клубига кўрсатилган ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш мумкин.
Ушбу хайрли ва истиқболли ишларга миннатдорлик сифатида бугун Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари “Навоийуран” давлат корхонасига борди. Меҳмонларни корхона бош муҳандиси А.Сапаров қабул қилди. Ташриф доирасида халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти раҳбари Саидаҳмад Усмонов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, вилоят Кенгаши депутати Фармон Тошев иштирок этди.
Дастлаб улар вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев номидан “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Жамол Файзуллаев ҳамда у раҳбарлик қилаётган меҳнат жамоасига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Сўнгра меҳмонларга корхона фаолияти ҳақида ахборот берилди. Шунингдек, корхонанинг Самарқанд вилоятидаги бўлинмалари фаолияти билан йўлга қўйилган ҳамкорлик эътироф этилди. Хусусан, "Навоийуран" корхонасида яратилаётган янги ишчи ўринларига шу ернинг ўзида кичик мутахассислар тайёрланаётганлиги таҳсинга сазовор.
- Корхонанинг "Динамо" футбол клубини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани футболчиларга далда бўлиш баробарида вилоятимизда бу спорт турини оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда, -деди С. Усмонов.
Ф. Тошев эса корхона кутубхонасига самарқандлик адиблар асарлари ва ўзининг янги китобларини совға қилди.