Назарбоев туҳфаси музей фондини бойитди
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Али, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори Х.Муҳаммадиев азалдан қардош халқларимизнинг бугунги иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритди.
– Мазкур кўргазмадан жой олган 30 та асар таниқли рус рассоми Владимир Клавихо-Телепнев ижодига мансуб, – дейди музей-қўриқхона муҳофизи М.Юнусов. – Бу графика асарлари Марказий Осиё халқларининг бой тарихи, минтақа аҳолисининг турмуш тарзи, қардош қозоқ халқининг маданияти, урф-одатлари, архитектураси, табиати ҳақида тушунча беради.
Шунингдек, Халқаро музейлар куни муносабати билан "Маданий мерос – миллий маънавиятимизни бойитиш омилларидан бири сифатида" мавзусида илмий анжуман ҳам ўтказилди.
Конференцияда мутахассисларнинг Суғд маданияти, Ўзбекистон ландшафт архитектурасида қадимги маданий мерос объектлари, тарихий обидалардан туризм соҳасида кенг фойдаланиш, тасвирий санъат дурдоналарини тўплаш, сақлаш, таъмирлаш ва намойиш этишдаги долзарб муаммоларга доир маърузалари тингланди.
Абдуғофур БАХТИЁРОВ.