Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Не аёз, бўронлар кечди бошимдан"

Таниқли шоир Нодир Жонузоқ 1976 йил 14 мартда Булунғур туманида туғилган.

Ўқувчилар унинг “Сизни севар эдим”, “Меҳрибоним” номли шеърий тўпламлари, “Ўн етти лаҳза”, “Нилуфар”, “Синиқ ой” каби бир қатор достонларини яхши қабул қилди.

Телетомошабинлар Нодир Жонузоқнинг “Ёзувчи ва замон”, “Шеър ва шуур”, “Гап чиқди”, “Оқ ва қора”, “Шахсий фикр”, “Ҳаёт гўзал!”, “Ижодий учрашувлар” сингари кўрсатув ва ток-шоуларини ҳам яхши билади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишламоқда.
***
Баҳор

Не аёз, бўронлар кечди бошимдан,
Муз эриб, ичимга томчилар чак-чак.
Тебраниб кетди бир қатра ёшимдан
Дадамнинг қабрида унган бойчечак.

Бир ўксик титради…
Титрадим мен ҳам,
Бир лаҳза ўзимни унутдим буткул –
Гўё узатгандай бўлди-да дадам
Жаннат боғчасидан битта тансиқ гул.

НАВРЎЗ

Тонг отди –
Худонинг тансиқ бир куни,
Уч юз олтмиш беш кун ичра ёруғ рўз.
Коинот энтикиб кутганди уни,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Атак-чечак қилган гўдак тилидан
Сут тишига тегиб, тўкилди илк сўз –
Акси садо берди Олам дилида,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Шерлар орасида юрган бўзйигит
Кийиклар ичидан топди нозик дўст.
Ва боши айланди – маст қилди хуш ҳид,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Қирга чопиб чиқди чаққон чучмома,
Бинафша...
Табиат – моҳир гиламдўз.
Қизлик қўшиғини эслади момо,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Қирқ кун ўсал ётган хаста ногаҳон
Жилмайиб, дераза сари солди кўз.
Заиф томирларда боз мавжланди жон,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Кошки шеърим шифо бўлса шу дамда,
Кимхоб топилмаса, ярайди-ку бўз.
Жилғадан уммон ҳам олгайдир далда,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Нодир ЖОНУЗОҚ.