Нега 78 япониялик Юрий Никулинга таъзим қилганди?
Таниқли актёр ва цирк арбоби Юрий Никулин исми бадиий фильмлар билан чамбарчас боғланган. Туғма истеъдод эгаси одамларни кулдира олгани учун кўпинча экранда комедия қаҳрамонлари кўринишидаги ролларни ижро этиб, ҳаётлигида афсонага айланди.
Деярли 50 йил олдин содир бўлган воқеа қаҳрамони нафақат кулдиришни, балки ҳамдардлик қилишни ҳам билган.
Мудҳиш авария
Ўша куни эрталаб Москванинг Цветной бульваридаги цирк директори Юрий Никулин ишга шошиларди. У ерда у япон делегацияси билан цирк труппасининг Япония бўйлаб гастроллар уюштириш бўйича муҳим учрашув ўтказиши режалаштирилган эди.
Эрталаб машинасини юргиза олмаган Никулин ишга яёв боришга аҳд қилди. У светофорда туриб йўлни нотўғри кесиб ўтаётган ёш аёл ва унинг кичкина боласини катта тезликда бир машина уриб кетганини кўриб қолди. Олган жароҳатларидан аёл ўша заҳотиёқ вафот этди.
Болакай эса жароҳат олмади, у қандайдир мўъжиза билан четга улоқтирилди ва ҳеч нарсага фаҳм қилмай асфальт устига ўтириб олиб, йиғларди.
Юрий Владимирович бу фожиа ёнидан ўтиб кета олмади, у дарҳол ўғли онасининг қонга ботган жасадини кўрмаслиги учун костюмини ечиб, аёл танасини ёпди. Кейин воқеалар тез-тез ўзгара кетди: оломон йиғила бошлади, тез ёрдам машинаси, милиция ходимлари етиб келди.
Шу бир соатларча вақт давомида Никулин болани қучоқлаб ўтирди, чалғитиш учун кулгили воқеаларни айтиб берди ва ҳатто унга асалари суратли қизил галстугини ҳам ечиб берди. Милиция ходимлари марҳумнинг манзилини аниқлагач, Юрий Владимирович улар билан бирга бориб, болани шахсан бувисига топширди. Шундан кейингина у ишхонасига борди.
Ҳақоратланган японлар
Япон делегацияси билан учрашувга Никулин қарийб икки соат кечикди, у костюм ва галстуксиз, оқ кўйлагининг енги шимарган ҳолда ва чанг босган туфлида кабинетга кирди.
Делегация раҳбари Ито Кобаяси цирк директорининг бундай кўриниши ва кечикишини ҳақорат деб билди (ажаб эмас, чунки японлар қоида тариқасида, покизалик, одоб-аҳлоқ ва пунктуалликка жуда мойил). У бош ирғади ва бутун бошли делегация цирк биносини намойишкорона тарк этди.
Гастрол сафарлар барбод бўлди, лекин Никулин шундай одам эдики, у қилган ишидан бир дақиқа ҳам афсуслангани йўқ. Унинг учун инсонлар ҳаёти муҳимроқ эди. Японияга бўлса... Японияга кейинги сафар борса ҳам бўлар.
Адолат тантанаси
Орадан беш йил ўтди. Нашрларнинг бири Никулиндан интервью олиб “Нега цирк Японияга бормади?” деган саволни берди. Юрий Владимирович қандай қилиб онасидан айрилган кичкина болакайни катта қайғудан чалғитиб тургани ҳақида айтиб берди.
Бу газета Ито Кобаясининг қўлига тегди, у ўша пайтда Никулиннинг ташқи кўринишидан хафа бўлгани ва унинг кечикиш сабабини билишга фурсат топмаганидан хижолат тортди.
Кобаяси Никулинни Японияга таклиф қилди ва ҳатто унинг орқасидан компания самолётини жўнатди.
Юрий Владимирович офисга кирганида, бу чин инсоннинг қилган ишига ҳайрат ва ҳурматларини билдириб, костюм ва галстуксиз, тирсагигача енги шимирган оқ кўйлакдаги 78 япониялик таъзим қилганича кутиб турарди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.