Нега олий маълумотли кишилар террорчилар сафига қўшилиб қолади?

Тошкентда "Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорлик: хавфсизлик ва тараққиётнинг шарт-шароитлари ҳамда кафолатлари" мавзуида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун семинар бўлиб ўтди. Марказий Осиё ва унинг чегараларида барқарорликни таъминлаш, ушбу масалада оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳокама этилган  семинарда мамлакатимиз ҳамда қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикаларидан журналистлар,  Ўзбекистондаги  нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Биринчи сессия экспертлар иштирокида, ҳудудда барқарорлик ва тинчликни таъминлашда Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтларининг роли,  мигрантларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш  ва уйдаги зўравонликка дучор бўлганларга амалий ёрдам кўрсатиш каби йўналишларда ўтказилган бўлса, кейинги мавзулар журналистларнинг касбий соҳасига алоқадор бўлди. 

- Хўш, туппа-тузук, кўпинча ҳатто, олий маълумотли кишиларнинг ушбу гуруҳларга қўшилиб кетишига нима сабаб бўлаяпти, - дейди Минтақавий хавфларни ўрганиш маркази раҳбари Виктор Михайлов. - Бу ҳолатни инсоннинг ўз-ўзини сақлаш инстинкти билан боғлаш мумкин. Афсуски, айнан олий маълумотли кишиларда бу нарса сустроқ бўлар экан. Қолаверса, турли террорчи гуруҳларга одамларни асосан меҳнат муҳожирлари орасидан жалб қилиш улар учун ҳар жиҳатдан қулай. Шунинг учун Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар ўртасида қатор сўровномалар ўтказдик. Улар учун "Ватан садоси" номли радио тўлқини ташкил этилди. Stopterror.uz номли сайтда эса ушбу гуруҳлар сафига қўшилиб қолмаслик учун экспертлар маслаҳатлари, шу ҳолатга тушган кишиларнинг иқрори ва бошқа зарур маълумотлар ўрин олган.

- Минтақавий хавфларнинг олдини олишда журналистларнинг вазифаси нимадан иборат, уларнинг медиасаводхонлиги бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини тақдимотлар, платформалар орқали кўрсатиб бердик, - дейди "Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази" раҳбари, тренер Саида Сулаймонова. - Айниқса, қўшни давлатлардан келган журналистлар билан ушбу масалада мунозаралар, муҳокамалар олиб борилиши, кўтарилган муаммолар уларнинг оммавий ахборот воситаларида қандай ёритилиши хусусидаги фикрлар журналистларнинг фикр алмашишида яхши ахборот майдони бўлди. Шунингдек, ахборот майдони кенгайгани туфайли турли маълумотлар, фотосуратларни узатишдан аввал текшириб кўриш имконияти мавжудлиги, айниқса, интернет нашрлар бу борада масъуллигини ошириш масалалари аниқ йўналишлар асосида тушунтириб берилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА, "Зарафшон" мухбири.