Нега ўз тарихимизга бегона бўлиб боряпмиз?

Шаҳар марказида ёшроқ бир йигит одамлардан “Ака, музей қаерда?” деб сўраётганини эшитдим. Бу савол шунчаки йўл сўраш эмасди. Унинг юз-кўзидан аввал бу жойга ҳеч бормагани, “музей” деган сўз унга қанчалик янгилик экани аниқ кўриниб турарди.
Аслида бу саволга жавоб изламаслигимиз ва унга ҳожат қолдирмаслигимиз керак. Чунки ҳар бир киши ўз шаҳри ёки туманида музей қаерда эканини эмас, у ерда нима борлигини билиши шарт. Музей фақатгина тарихий буюмлар сақланадиган жой эмас. У халқнинг хотираси, ўтмиши ва келажагини боғловчи кўприкдир.
Музейдаги ҳар бир экспонат аждодларимизнинг тарихи, дарди, қаҳрамонлиги ҳақида гапиради. Аммо аксарият ҳолларда музейга на ўзимиз борамиз, на фарзандимизни олиб боришга вақт топамиз.
Мисол учун, ота-оналар фарзандларини тўйга, базмга, бозорга олиб боришга вақт топади, аммо музейга боришга эмас. Ваҳоланки, фарзандларимизнинг руҳан бойиши, Ватанга муҳаббати, ўзлигини англаши айнан шу каби масканларда шаклланади. Бир куни болангиз миллатининг тарихи билан қизиқиб, “Дада, она, музей қаерда? Мени ҳам олиб боринг”, деб сўраши мумкин. Ўшанда вақт йўқлиги, иш кўплигини баҳона қилиб, уялиб қолмасдан ҳозирдан ўзингиз ва болаларингиз билан музейга боришни одат қилинг.
Яқинда Франциядан келган сайёҳлар гуруҳи Самарқанддаги музейлардан бирида Амир Темур бобомизга оид ҳар бир экспонатни қизиқиш билан томоша қилар, эътибор билан маълумотларни тингларди. Шу вақтда музейга маҳаллий мактаб ўқувчилари ҳам экскурсияга борган эди. Афсуски, ўқувчилар бу саёҳатни мажбурий вазифадек қабул қилган, экспонатларга қизиқишсиз қарар, баъзилари эса телефонига берилиб, музейда эмас, бошқа оламда юргандек ҳис қиларди.
Ҳолатни кўриб, беихтиёр савол туғилади: нега бошқалар, хусусан, хорижликлар бизнинг тарихимизни, маданиятимизни қизиқиб ўрганади-ю, биз ўз ўтмишимизга бефарқмиз?
Бу саволнинг жавоби эса фақат таълим тизимида эмас, балки муаммо руҳият, оила тарбияси ва жамиятда маданиятга бўлган муносабат билан боғлиқ. Тўғри, кейинги пайтда ижтимоий тармоқлар, виртуал ўйинлар ва кўнгилочар марказлар оммалашиб, маданият масканлари, тарихий жойлар эътибордан четда қолмоқда.
Бироқ ёшларда тарихий меросга нисбатан меҳр уйғотиш ва уларга бу бойликларимизнинг қадрини ўргатишда ота-оналарнинг шахсий намунаси жуда муҳим. Тарихига эътиборсиз миллат ўз келажагига йўл топа олмайди. Шунинг учун келажак авлод тарбиясида музейлар, кутубхоналар ва тарихий масканларни ҳаётимизнинг бир қисмига айлантиришимиз зарур.
Бир сўз билан айтганда, болангизни ҳозироқ музейга бошлаб боринг!
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.