Нега вилоятимизда фаолият олиб бораётган чет тиллари ўқитувчилари давлат томонидан берилган устамаларни олишга шошилмаяпти?

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов “Вилоят ҳокими ва таълим тизими раҳбарлари” телеграм гуруҳида шундай савол қўйиб, ўз фикрларини ёзди:
“Қўшимча моддий манфаатдорлик керак эмасми ёхуд биз раҳбарлар уларга шарт-шароит яратиб бермаяпмизми? Ёхуд талаб қўйишни ҳам билмаймизми?

Минг афсуски, вилоятдаги 4559 нафар инглиз тили ўқитувчиларидан атиги 266 нафари 15-30 фоизгача устама оляпти.

Бу Самарқанд учун шармандали ҳолат эмасми?

Шунинг ўзи бизда чет тилларини ўқитишнинг ҳақиқий аҳволи қандайлигини кўрсатмайдими?
Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нарпай, Нуробод, Оқдарё, Паст Дарғом, Пайариқ ва Ургут туманларида бирор бир инглиз тили ўқитувчиси инлиз тилини билиш Европа иттифоқи талаблари, яъни С1-CEFR даражаси ёхуд IELTS халқаро сертификатига эга эмас. Шу каби ҳолатни немис тили ва француз тили ўқитувчилари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Энди ҳақли савол туғилади: вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлимидаги хорижий тилларни ўқитиш методикасига масъул бўлган услубчилар, малака ошириш марказининг чет тиллари кафедраси профессор-ўқитувчилари ва ассистент-ўқитувчилари эгаллаб турган лавозимига лойиқми?

Қачон бу масала муҳокама қилиниб, аниқ режалар белгиланади? Қачон мактаб, марказ ва ОТМлар ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилади?

Услубчиларни жой-жойига қўйиш вақти келди. Лозим бўлса, 100 нафар услубчига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ойига 2 миллион сўмдан қўшимча иш ҳақи беришга тайёрмиз”.