Нега ёзда ҳам “свет” кўп ўчяпти?
Вилоят электр тармоқлари ҳудудий корхонаси ва соҳа масъуллари вилоят аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида вилоятимизда олиб борилаётган ишлар хусусида ОАВ ходимлари ва блогерларга маълумот берилди.
Маълумотга кўра, 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бугунгача 9 дона (75 фоиз) трансформатор, 2340,6 километр (79,6 фоиз) электр узатиш тармоғи, 926 дона (78,9 фоиз) трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланган.
Корхона масъулларига кўра, Каттақўрғон, Иштихон, Қўшработ туманларидаги истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминотини яхшилаш учун бошқа электр узатиш тармоғига уланган. Тойлоқ туманидаги “Боғизоғон” нимстанциясидаги 16 минг кВАли трансформатор юкламада ишлаётганлиги учун 20 минг кВАли трансформаторга алмаштирилган.
Булунғур, Каттақўрғон, Пайариқ, Самарқанд туманларидаги нимстанцияларда ҳам юклама билан ишлаётган трансформаторлар катта қувватлисига алмаштирилган, зарур ҳолларда қўшимча трансфаторлар ўрнатилган.
Самарқанд шаҳридаги бир қатор маҳаллалар ва массивларда ҳам электр таъминотини яхшилаш учун алоҳида нимстанциялар қурилган, юкламадаги трансформаторлар катта қувватлига алмаштирилган. Бу эса шу ҳудуддаги аҳолининг электр энергияси таъминоти яхшиланишига хизмат қилган. Яна Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантириш хамда халқаро тадбирларни ўтказиш учун 6 та нимстанция янгиланган.
Давлат дастурлари доирасида 552 километр тармоқ тортиш, 256 дона трансформатор ўрнатиш, 7,6 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Юкламаси юқори бўлган ҳудудлардаги нимстанциялар бошқасига алмаштирилган.
Масъулларнинг ҳисоботида айтилган рақамлар ҳар бир истеъмолчини хурсанд қилади, энди электрда узилиш бўлмаслигига ишонишга ундайди. Фақат барчани битта савол қийнайди. Аввал қиш мавсумида электрда узилиш бўларди, нега ҳозир ёз фаслида ҳам жойларда элект энергиясида кўп узилишлар кузатилмоқда?
- Бунга асосий сабаблардан бири – маҳаллалардаги дарахтларнинг электр узатиш линияларига тегиб, симларнинг узилиши, электр энергиясининг йўқотилиши, - дейди Ҳудудий электр тармоқлариАЖ Самарқанд филиали директори Умид Назаров. – Албатта, буни олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Қиш учун захира трансформаторлар ҳозирланган. Қолаверса, корхонада устачилик бўлимлари, трансформаторларга хизмат кўрсатадиган масъул ходимлар бор. Ҳар бир трасформатор шикастланса унга ўша ходим жавоб бериши, ўз вақтида хизмат кўрсатиши лозим. Турли важлар билан ўз вазифасини вақтида бажармаган ходим жазоланиши керак, Чунки у шунинг учун давлатдан ойлик олади.
Шунингдек, корхона томонидан вилоятда электр энергияси таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан вилоятимизга ажратилган 40,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 200 та маҳаллага 200 та трансформатор ўрнатиш ва 311,2 километр узунликда 10-0,4 кВ электр узатиш тармоғи лойиҳалаштирилиб, 7775 дона темир-бетон устун ўрнатилади.
Самарқанд шаҳридаги истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун ҳудуддаги “Афросиёб”, “Регистон”, “Ғарбий” ва “Шимолий” нимстанцияларидаги таъмирлаш ишлари якунланади. Нуробод туманида 35 кВли 12 километрли электр узатиш тармоғи ва 4 минг кВА қувватдаги янги куч трансформатор нимстанцияси қурилади.
- Филиал директорига кўра, ҳозирда жамиятга қарашли юкламада ишлаётган “Лойиш”, ”Жума”, ”Ибн Сино”, “Тўқимачи”, ”Боғимайдон”, “Суғориш”, “Тинчлик” нимстанциясидаги куч трансформаторларни алмаштириш молиялаштириш манбалари аниқланганда амалга оширилади. Сўнгра, яна 8 та нимстанциядаги трансформаторлар алмаштирилади.
Шаҳарнинг Кимёгарлар қўрғонидаги нимстанцияни бошқа тармоққа улаш ва 1,4 километр тармоқ тортиш, Сартепа ва Мотрид нимстанцияларида қўшимча трансформаторлар ўрнатилади. Қўшработ туманида 42 километр узунликда тармоқ тортиш ва янги нимстанция қуриш, Жомбой туманида нимстанцияни таъмирлаш, трансформаторни катта қувватлисига алмаштириш ишлари бажарилади.
Бунинг учун 149,8 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Вазифаларнинг бажарилиши натижасида 347 та маҳалладаги 80 минг 640 дан ортиқ аҳоли хонадони ҳамда 1460 дан кўпроқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик субъектларининг электр таъминоти яхшиланади.
Ўктам Худойбердиев.