Нега ёзда юқумлик касалликларга чалиниш ҳолатлари ортади?
Соҳа вакилларига кўра, Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг ўтган 5 ойида 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 39 та кўп юқумли касаллик ҳолати аниқланган. Айниқса, аҳоли орасида В гепатити, ОРВИ, тери-таносил, лямбиоз, қизамиқ каби юқумли касалликлар сони ошган.
- Шаҳардаги 215 та маҳаллада яшовчи аҳоли хонадонларида бўлиб, касалликларнинг тарқалиш ўчоғини аниқлаб, бартараф этиб келяпмиз, - деди Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Дилбар Нормуродова журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда. - Бу касалликларнинг пайдо бўлиши кўп жиҳатдан истеъмол қиладиган озиқ-овқатларимизга боғлиқ бўлади. Ёзда ўткир ичак ва ошқозон, овқат токсико-инфекция касалликлари, сув ва овқат орқали юқиши мумкин бўлган кўпгина хасталиклар авж олади. Чунки ташқи муҳитдан тушган микроблар озиқ-овқат маҳсулотларида сон жиҳатдан кўпайиши мумкин. Маҳсулотлар тез айнийди. Ошхоналарда, тўй-маърака каби оммавий тадбирларда бир неча маҳсулот қўшиб тайёрланган салат маҳсулотлари тайёрланганидан кейин 2 соат ичида, яъни маҳсулотларни эндотоксин ва экзотоксинлар ишлаб чиқармасдан туриб истеъмол қилиб, тугатиш керак. Бўлмаса, микроорганизмлар сони бир неча юз баравар кўпайиб, истеъмолдан сўнг юқумли касалликларнинг тарқалишига олиб келади.
Журналистлар Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимида фаолият олиб бораётган бактериология, паразитология ҳамда санитария-гигиена лабораторияларида ҳам бўлиб у ердаги ишлари билан танишдилар.
- Ўтган 5 ой ичида 4000 та ҳолатда қайд этилган юқумли касалликларнинг 258 тасини паразитар, 685 тасини ўткир юқумли ичак, 717 тасини гепатит қоланини ўткаир респиратор вирусли касалликлар ташкил этади, - дейди бўлимнинг эпедемиология бўлими мудири Ғулом Собиров. – Барча касаллик ўчоқларида эпедемиологик текширувлар ўтказиб, дезинфекция ишлари амалга оширилди. Ижтимоий соҳа объектларида санитария врачлари билан ҳамкорликда санитария -гигиена қоидаларига риоя этилиши, тоза ичимлик суви билан таъминланиши ҳамда маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш масалалари доимий назоратга олинган. Камчиликларга йўл қўйган 16 нафар раҳбарлар ва мутахассисларга нисбатан интизомий чора ва моддий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, пресс - тур иштирокчилари Фарҳод қўрғонида жойлашган “Samarkand England Eko-Medikal” қўшма корхонасида ҳам бўлиб, ишчи- мутахассисларга яратилган шарт-шароитлар, тиббий кўрикдан ўтиши, уларнинг дам олиши, овқатланиш ҳамда махсус-кийим кечаклар билан таъминланиш имкониятларини ҳам ўрганишди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.