Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нептун - Қуёш тизимининг энг сўнгги саккизинчи сайёраси

У массаси жиҳатидан Ер массасидан 17,2 марта, диаметри жиҳатидан эса Ер диаметридан 3,9 марта катта. Унинг траекториясининг афелийидан Қуёшгача бўлган масофа 4 миллиард 553 миллион 946 минг 490 километр бўлиб, Қуёш атрофини 164,79 Ер йилида бир марта айланиб чиқади. Ўз ўқи атрофида эса 15,8 соатда бир марта тўла айланади.

Нептуннинг 1846 йилда Лессел очган Тритон (диаметри 4000 километр) ва 1949 йилда америкалик астроном Койпер очган Непеида (диаметри 300 километр) номли йўлдошлари бор. Ҳозирги кунда йўлдошларининг сони 14 тага етади. Бу сайёра биргина ”Вояджер-2” космик аппарати билан ўрганилган. У берган маълумотга кўра, сайёранинг 5 та хира ҳалқалари мавжуд. Тритон йўлдоши бошқа йўлдошларга нисбатан тескари йўналишда Нептун атрофида айланиши аниқланган.

Бу сайёра биринчи марта Лаверенинг математик ҳисоблари асосида немис олими Галле томонидан 1846 йил кашф қилинган. У денгиз ва океанлар худоси Нептун номи билан аталган.

Нептуннинг атмосферасида молекуляр водород (80 %), гелий (19 %) ва бироз метан мавжуд. Метаннинг борлигидан космик аппаратлар объективида мовий рангда намоён бўлади. Сатҳининг температураси минус 220 градусгача борса, ядросининг температураси 5200 градусгача боради. Бу сайёрани кузатишларда аниқланган ажабланарли ҳодиса шуки, унинг Қуёшдан оладиган иссиқлик миқдорига нисбатан ўзи кўпроқ иссиқлик миқдори ишлаб чиқарар экан. Олимларнинг фикрича, бу Нептун ядросида термоядро реакциялари ҳозиргача давом этиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, Нептун айланиш ўқи ўзининг орбитал текислигига Ер ва Марсга ўхшаб оққанлиги туфайли унда ҳам фасллар алмашиб туради. Фақат фасллар алмашуви ҳар 40 йилда содир бўлиши аниқланган.

Қуёш тизимида Нептун энг шамолли сайёра ҳисобланади. Ундаги шамоллар тезлиги соатига қарийб 2100 километрни ташкил этади. Яъни, Ердаги энг кучли довул тезлигидан ўн баробар кучли бўлади.

нтернет материаллари асосида СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.