Марснинг шимолий яримшарида баҳор фасли 199 кун давом этади
Сайёрамизда одамлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шунинг учун одамлар бошқа сайёраларни забт этиш иштиёқида яшамоқда.
Шу боис бўлса керак, Марс одамзод томонидан энг кўп ўрганилган сайёра ҳисобланади. Олдинги даврларда Марсда ҳаёт йўқ, деб санаб келинган бўлса, уни космик аппаратлар билан ўрганиш даври бошлангандан буён Марсни ўрганиш масаласига катта эътибор берила бошланди. Шу мақсадда Марс томон юзлаб космик аппаратлар учирилган бўлса-да, уларнинг учдан бири бу сайёра сатҳига етиб борган, холос. Бу аппаратларнинг аксарият қисми сирли сабабларга кўра, Марс сатҳига етиб бормаган ва изсиз йўқолган. Олимларнинг фикрича, балки Марсда ҳам космик аппаратларни ютиб юборадиган «бермуд учбурчаги» мавжуддир.
Марсни биринчи марта италиялик олим Галилео Галилей 1609 йилда телескопда кузатган. У қизил рангда кўрингани туфайли қадимги Рим халқлари мифологиясида уруш худосининг номи (арабларда у Миррих) номи билан аталган. Чунки уни қонга бўялган сайёра, деб ҳисоблашган. Марснинг қизил рангда кўринишига сабаб, унинг тупроғи таркибида темир оксиди (темир занги) кўплигидан. Шунинг учун бу сайёрани «қизил сайёра» деб ҳам аташади.
Марснинг массаси Ернинг массасидан 10 марта кичик. Қуёшдан узоқлиги Ерникига нисбатан 1,5 барабар катта. Ерда сутканинг давомийлиги 24 соат бўлса, Марсда 24 соат 37 дақиқа 22,7 сонияга тенг. Ундаги гравитация Ердаги гравитациянинг 37 фоизини ташкил этади. Бошқача қилиб айтганда, Ерда 100 килограмм бўлган жисм Марсда 37 килограмга тенг. Марс атмосферасининг 95 фоизи карбонат ангидриддан иборат. Ундаги босим мавсумий ўзгаради, айниқса, унинг қолпоқларидаги музларнинг эриши ва музлашига боғлиқ равишда ўзгариб туради. Умуман айтганда, ундаги босим Ердаги босимдан 160 марта кичик. Бу дегани унга учиб борган космонавт скафандрсиз бир дақиқа ҳам яшай олмайди: танасидаги қон қайнаб кетади.
Марснинг температураси қутбида -153 градусдан экваторида +25 градусгача ўзгариб туради. Унинг ўртача температураси -55 градусни ташкил этади.
Марсда глобал магнит майдони мавжуд эмас. Лекин пўстлоғининг айрим қисмлари магнитланган бўлар экан. Бу эса олдин унинг магнит майдони мавжуд бўлганлигидан дарак беради.
Марсда Қуёшнинг чиқиши ва ботиши арафаси Ердагидан фарқ қилади. Ерда Қуёш ботишдан олдин қизариб ботишса, Марсда унинг атмосфераси чанг тўзонлари билан қоплангани учун ҳаворанг тус олади.
Сайёрада Қуёш тизимида энг катта баландликга эга бўлган Олимпус Монс номли, баландлиги 27 километр вулқон мавжуд. Вулқонлар асосан сайёранинг Фарасида провинциясида жойлашган бўлиб, 30 миллион квадрат метр майдонни (деярлик Африка қитъасининг майдонига тенг) эгаллаган. Вулқон қолдиқлари массаси шунчалик каттаки, олимларнинг ҳисобига кўра, улар Марснинг айланиш ўқини силжитиб юборишга қодир бўлар экан.
Олимлар сайёрадаги жинслар таркибида сув белгилари борлигини аниқлашган. 2006 йилда олимлар Марснинг сиртида олти йил аввал кузатилмаган янги ёғингарчилик қолдиқларини кўришган. НАСА олимларининг гапларига кўра, бу Марс сирти бўйлаб гоҳида сувнинг оқишини исботлайди. Бошқа олимларнинг фикрича, бу қолдиқлар карбонат ангидрид газининг музлашини ёки чангларнинг ҳаракатини кўрсатади. Космик аппаратлар берган маълумотларга кўра, ўтмишда Марс тўлиқ атмосферага эга бўлган. Унинг сиртидан сувлар оқиб турган, кўллар ва денгизлар мавжуд бўлган. Иқлим ўзгариши билан Марснинг барча гидросфераси амалда йўққа айланган. Марсдаги сувлар фақат унинг қутб қолпоқларида муз шаклида сақланиб қолган. Ҳозирги замон ҳисоб-китобларига кўра, агар бу қолпоқ музлари эритиб юборилса, Марс сатҳи ўнлаб метрлар баландликдаги сув қатлами билан қопланади.
Марс ва Ер ўзининг айланиш ўқлари экваториал текисликларига нисбатан деярли бир хил бурчак остида оғган. Ерда бу бурчак катталиги 23,5 градусни ташкил этса, Марсда 25 градусга тенг бўлади. Шу боис уларда йил фасллари бир хилда кечади. Лекин Марс йили тахминан икки Ер йилига тенг бўлгани учун Марснинг фасллари Ер фаслларига нисбатан икки марта узоқроқ давом этади. Масалан, Марснинг шимолий яримшарида баҳор 199 кун, ёз 182 кун, куз 146 кун ва қиш 160 кун давом этади.
Марс ўз сатҳида маълум бир асимметрияга эга бўлади. Унинг жанубий яримшари ва экваториал регионлари кратерлар билан тўлиб тошган. Шимолий яримшари эса узунлиги 10600 километр, кенглиги 8500 километр бўлган текисликдан иборат. Уларнинг ўртача қолган сиртидан 6 километр паст ҳисобланади. Марс тузилишидаги бундай асимметрия Қуёш системасининг бошланғич даврларида бу сайёрада бўлиб ўтган гигант тўқнашув натижаси бўлса, ажаб эмас.
Марсда Қуёш тизимида энг катта бўлган канёнлар мавжуд ва улар «Маринер воҳаси», деб аталади. Унинг узунлиги 4500 километр, кенглиги 200 километр, чуқурлиги 11 километргача боради. Узунлиги бўйича АҚШнинг Колорадо дарёсидаги Катта канёндан 10 марта, кенглиги бўйича 7 марта катта келади.
Марсда 2 қатламли қутб қолпоқлари мавжуд. Пастки қатлам сув музлари ва чанг аралашмаларидан иборат бўлиб, у ўзгармайди. Юқори қатлами фасллар ўзгаришига боғлиқ, углекислотадан иборат бўлиб, қуруқ муз деб аталади. Баҳорда температуранинг ошиши билан қаттиқ ҳолатдан газсимон ҳолатга айланади. Натижада, қолпоқнинг ҳажми камаяди. Қишга бориб эса газ музлаб, қолпоқни каттартиради.
Очиқ кечада Марсни кўз билан кўриш мумкин. Июл ва сентябрь ойларининг ўрталарида Марс сиртини телескопда тиниқ кузатса бўлади.
Марснинг Фобос (грекчада “қўрқинч”) ва Деймос (грекчада “даҳшат”) деб аталувчи иккита йўлдоши бор. Уларни 1877 йилда америкалик астроном Асеф Холл кашф қилган. Уларнинг орбиталари Марсга жуда яқин. Бу йўлдошлар вақтида астероид бўлган. Марс уларни ўзига тортиб олиб, йўлдошига айлантирган. Айниқса, Фобоснинг ҳаракат орбитаси Марсга жуда яқин бўлганидан, олимларнинг айтишича, келгусида унинг Марсга қулаб тушиш эҳтимоли жуда катта ҳисобланади. Ана шунда Фобос қулаб тушиши жараёнида портлаб, парчаланиб кетади ва Марсда Сатурндаги каби халқа пайдо бўлиши мумкин.
Марс атмосферасининг таркибини 95 фоиз карбонат ангидрид гази, 3 фоиз азот ва 1,6 фоиз аргон ташкил этади. Унинг сиртида кислород ва сув излари ҳам топилган. Айрим олимларнинг фикрича, унда метан излари ҳам мавжуд. Бу нарса Марсда ҳаёт бўлиши мумкин, деган фикрнинг пайдо бўлишига олиб келади. Чунки метан кўпинча ҳайвонлар томонидан юзага келтирилади. Бошқа олимлар эса метан Марсда бўлиши мумкин бўлган зайтун минераллари томонидан ҳам ҳосил бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Марс ва Ер орасидаги масофа 55-100 миллион километр ўртасида ўзгариб туради. Бу оралиқ масофа энг кичик бўлган пайтларни “буюк рўпара туриш” деб айтишади. Бундай ҳолат ҳар 15-17 йилда такрорланиб туради: 1877, 1892, 1909, 1924, 1939, 1954, 1971, 1988, 2006 йилларда кузатилган. Охирги марта бундай туриш 2006 йил 27 августда бўлиб ўтган. Ана шу куни Ер ва Марс бир-бирига шунчалик яқинлашганки, бундай яқинлашиш ўтган 60000 йил ичида содир бўлмаган. Ўшанда Марс тунги осмонда (ёрқинлиги бўйича Ой ва Венерадан кейин туради) ярқираб равшан кўриниб турган.
Ахборот манбаларидан маълумки, Россия ва АҚШ давлатлари Марсни забт этиш бўйича лойиҳалар тузган ва улар устида олимлар ва муҳандислар жадал ишларни олиб боришмоқда. Лекин инсонни Марсга учириш катта сармоя талаб этади. Жаҳон ахборот агентликларининг хабарларига кўра, бир одам учун Марсга саёҳат 10 миллиард долларга тушар экан. Бундан ташқари, Марсдаги бир неча омиллар инсоннинг унда узоқ вақт яшашига тўсқинлик қилади. Биринчидан, Марснинг магнит майдони ва унинг атмосферасида азон қатлами мавжуд эмас. Демак, Марснинг сиртига Қуёшнинг ултрабинафша нурлари бемалол кириб кела олади ва инсон ҳаётига катта таҳлика солади. Иккинчидан, Марснинг гравитация майдони Ерникига нисбатан 2,5 марта кичик ҳисобланади. Бу эса инсон суякларининг тезда мўртланишига ҳамда мушакларининг қуриб кетишига олиб келади. Бундан ташқари, Марс томон сайёҳат фақат бир томонга бўлади, яъни у томон учган одам Ерга қайтиб кела олмайди. Шунга қарамасдан, 2030 йилга мўлжалланган Марсга сайёҳат ишқибозлари кам эмас. Минглаб инсонлар бу сайёҳатда иштирок этишга истак билдирган. Эътиборлиси шундаки, улар ичида йирик олимлар ҳам бор.
Интернет материаллари асосида СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.