Невара бувисининг 10 мингдан ортиқ АҚШ долларини ўғирлаб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган

Жорий йилнинг 10 март куни 78 ёшли Ф.С. Бухоро вилояти Пешку тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилади.

Унда номаълум шахс унинг уйидан 10.600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини яширин равишда талон-торож қилганлигини маълум қилинган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Ф.С. билан бир манзилда яшовчи набираси 28 ёшли З.Ш. содир этганлиги аниқланган.

З.Ш. узоқ вақт давомида ушбу пулларни талон-торож қилиб юрганлиги, ўғирланган пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатганлиги, бундан ташқари, ўғирланган пулдан 1.300 АҚШ долларини ўзининг таниши С.Ф.га қарз сифатида берганлиги аниқланиб, С.Ф. дан ушбу пуллар ашъёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган.

Қолган пуллар нимага ишлатилганлигига аниқлик киритилганда З.Ш. ўз эхтиёжларига, яъни кийим-кечак сотиб олишга, ўз автомашинасига эҳтиёт қисмлар ва кўнгил хушлик учун сарфлаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пешку тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва З.Ш. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.