Нидерландияда Иккинчи жаҳон уруши даврида қурбон бўлган 101 нафар ватандошимиз хотираси ёдга олинди
Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси дипломатлари Нидерландиянинг Лёйсден шаҳридаги "Растхоф" қабристони ҳудудида жойлашган "Совет шон-шараф майдони" хотира хиёбонида бўлиб ўтган анъанавий маросимда иштирок этди.
Унда Нидерландиянинг "Совет шон-шараф майдони" жамғармаси кўнгиллилари, шу жумладан, маҳаллий олий ўқув юртлари талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари, Нидерландияда истиқомат қилаётган ватандошлар қатнашди.
Тадбир давомида Иккинчи жаҳон урушида Нидерландияда қурбон бўлиб, мазкур хотира майдонида дафн этилган 865 нафар совет аскарлари, шу жумладан, ўзбекистонлик 101 нафар аскарнинг қабрларига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, Иккинчи жаҳон уруши, унинг ҳалокатли оқибатлари, Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган Буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, халқимизнинг шаъни ва қадр қимматини ҳимоя қилишда синмас ирода ва жасорат кўрсатган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини абадийлаштириш бўйича давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида сўз юритилди.
Нидерландиянинг "Совет шон-шараф майдони" жамғармаси бошқарув кенгаши раиси Ремко Рейдинг ўз нутқида, Лёйсден шаҳарчасида дафн этилган кўплаб ўзбек аскарлари қабрларига гул қўйиш орқали уларни руҳига ҳурмат кўрсатиш яхши анъанага айланганини таъкидлаб ўтди. "Бу орқали биз Иккинчи жаҳон уруши йилларида катта қурбонликни бошдан кечирган ўзбек аскарлари хотирасини ҳурмат билан яна бир бор ёдга оламиз ва уларнинг номларини унутилмаслигига ва абадий сақланишига ҳаракат қиламиз", деди у.
"Совет шон-шараф майдони" жамғармаси бошқарув кенгаши аъзоси Наталья де Йонг ҳар йили Нидерландияда кенг нишонланадиган "Нацизмдан озодлик куни" арафасида бу тадбирни ташкил этиш орқали Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларни абадий хотирлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган ватандошлар ушбу тадбир юртимиз ҳимояси ва унинг тинчлиги учун ўз жонларини фидо қилган 101 нафар ўзбекистонликлар хотирасини яна бир бор ёдга олиш, уларнинг хаққига дуо қилиш ва номларини ҳурмат ва миннатдорлик билан эслаш бугунги ёш авлодларнинг бурчи эканлигини қайд этдилар.
Шундан сўнг уруш қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди, дея хабар бермоқда "Дунё" АА.