Нима учун сайловлар вақтини ўзгартириш таклиф этилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилнинг декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Худди шундай норма «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасида ҳам бор.

Мамлакатимизда сайловларнинг муддатини декабрь ойидан октябрь ойига кўчиришни қуйидаги муҳим омиллар тақозо этмоқда.

Биринчи омил: парламент сайловлари бўлиб ўтганидан кейин қонунчиликда белгиланган муддатларда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларини ўтказиш, уларнинг қўшма мажлисларида Бош вазир номзодини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси — Ҳукуматни шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси каби муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар янги йилнинг биринчи чорагига тўғри келмоқда. Бу эса давлат дастурларини қабул қилиш ва тегишли йилга мўлжалланган бошқа ислоҳотларнинг март-апрель ойларига қадар сурилишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, 2019 йилги парламент сайловларидан кейинги сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар жуда қисқа муддатда, яъни 2020 йилнинг 20-24 январь кунлари оралиғида бўлиб ўтди. 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастури эса 2 март куни қабул қилинди.

Иккинчи омил: сайловлар қиш мавсумига тўғри келиши, ўз навбатида, фуқароларнинг сайловлардаги фаоллигини янада ошириш, сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш, замонавий сайлов технологияларидан фойдаланиш, айниқса, оммавий тадбирларни ташкиллаштиришда бир қатор камчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ўтган сайловлар даврида аҳоли ва электорат, сиёсий партиялар томонидан бу борада қатор таклифлар билдирилди.

Учинчи омил: хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, асосан, иқлими иссиқ бўлган жанубий яримшар давлатларида, масалан, Гана, Миср, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси, Жазоир, Венесуэла, Доминика каби мамлакатларда сайловлар декабрь ойида ўтказилади. АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Иордания, Молдова ва бир қатор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.

Тўртинчи омил: Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловлар Европа ва Америка давлатларидан таклиф этилган кузатувчиларнинг диний байрами, хусусан, «Рождество» нишонланадиган 25 декабрь санасига тўғри келиши туфайли сайлов соҳасида жаҳон миқёсида обрўга эга халқаро кузатувчиларнинг иштирокини чекламоқда.

Ана шу омилларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф этилмоқда.

Бунинг натижасида, бир томондан, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади. Иккинчи томондан ноқулай об-ҳаво шароитларида фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади. Шу тариқа сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади.

Акмал Саидов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари.