Ногиронлиги бор шахсларга бериладиган бепул озиқ-овқат ўрнига пулини олса бўладими?

Таҳририятга Қўшработ тумани яшовчи ногирон фуқаро Э.Тошназаров томонидан шундай савол келди:

- Мен 2-гуруҳ ногиронлик пенсияси оламан, яқинда эшитиб қолдим, Президент Фармони билан бепул озиқ-овқат маҳсулотлари олаётган ногиронларга шу озиқ-овқат ўринга қўшимча пул тўлаб берилар экан, шу тўғрими, мен озиқ-овқат олмайман.

Мазкур савол бўйича Қўшработ туман Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи . А.Холиқов қуйидагича жаво берди:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 июнидаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларининг моддий таъминотини яхшилаш ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғриси”даги қарорига кўра 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва концлагерларнинг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов тўлаб борилиши жорий қилинди.

Қарорда қуйидагилар қайд этилган: қўшимча тўлов Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан пенсияларни ва нафақаларни тайинлашга масъул бўлган ташкилотга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида тақдим этиладиган маълумотлар асосида амалга оширилади деб кўрсатиб қўйилган, демак ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ва бепул озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келганларга ушбу қарор асосида қўшимча тўлов тўлаб берилади.

Агар пенсионер ёлғиз ногирон сифатида ҳисобга олинмаган ва бепул озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келмаган бўлса, демак бу қўшимча тўловлар улар учун жорий этилмайди.