Нонни босма, кўр бўласан!
“Нон ҳам нон, увоғи ҳам нон” - халқона ҳикмат. Унинг мазмунида гуноҳ, зое, исроф хавфи бор. Қаердаки, кимдаки бу хусусга андиша бўлмаса, бир жазоси бор. Бу ўгит шу сабабдин кўп такрор бўлган.
Улуғ олим, ханафийлик мазҳаби таълимотини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб кирган Абу Ҳафс Кабир Бухорий (768-832, милодий) “инсоннинг камбағал бўлишига сабаб бўлувчи омиллар сирасига “нон ушоқларини оёқ остига ташлаш”, “юзни этак билан артиш”, “уйни супурмай қўйиш”, “остонада ўтириш”, “идиш-товоқни ювмай қўйиш”, “қўлни ювмай таом ейиш”, “ота-онанинг номини айтиб чақириш”, “тиш билан тирноқ олиш”, “ёши катталар ва оқсоқоллар олдидан кесиб ўтиш” каби ҳодисаларни ҳам киритган эканлар.
Ўткир ва чуқур мулоҳазаларни ўз оқимига қолдириб, асл муддаога ўтсак:
- Ҳой бола! Нонни босяпсан!
- Бобо нон эмас, молни охирига солинадиган ушоқ.
- Нодонлиқ қилма. Териб ол!
- Жўраларимди бари футболда. Сизди ишингиз мен минан, қиздан ҳам баттар қилдингиз…
Ўспирин қўлидаги лаганни ерга олиб урди. Идиш ичидаги пўчоғу увоқ ер билан битта бўлди. Сакраб яна бир тепди, атроф буланди.
Чол қаҳрланди:
- Ҳой телба, териб ол, кўр бўласан!
- Эй, гўрга! Кўзим оқиб тушсин...
- Тавба де, нодон...
- Демайман! Демайман!! Демайман!!!
... Қанча сувлар оқиб кетди, қанча бобо ўтиб кетди. Бола эр йигит бўлиб, ҳарбийдан кейин қурувчилик қилди. Тасодифда тепадан нимадир кўзига тушгандек бўлди. Биров чанг деди, биров темир қириндиси деди, бормаган дўхтири, кўрсатмаган табиби қолмади. Бугун ундай, эртан бундай, кўз кундан-кун қора тортаверди...
Кўксида армон қолди:
- Ўша воқеа менга бир синов бўлдими?!... Нодонликми?!. Ишқилиб увол тутар экан. Бировлар ундан эмас, кўзингга эҳтиётсизлигингдан кукун тушган, дейди. Балки... Лекин мен ўша воқеадан, қайсарликдан айтган сўзларимдан пушаймонман...
Нуроталик Ғаффор Обидов машҳур чорвадор. Ўта меҳнаткаш ва тадбиркор. Шунинг учун давлатимиз у кишига республикада хизмат кўрсатган чорвадор унвонини берган. Ҳожи.
Иттифоқо, йўлимиз шу киши билан Ғиждувонга тушди. Зиёрату тижоратлардан кейин сўлим таомхоналардан бирига кирдик...
Дастурхонда уч бурдача нон қолди. У киши дуодан кейин хотиржамгина уларни териб олиб, тоза рўмолчага ўраб тўрвахалтасига жойлаштирди.
Шерикларимиздан бирининг маъноли қарашини сездими ёки айтилмаган саволга жавоб дедими, кулимсирабгина изоҳга ўтди:
- Ризқни ташлаб ёки қолдириб кетмаслик керак. Биздан кейин бу нон бурдаларини ҳеч ким емайди. Қолдиқ деб сал инсофи бори мол учун мўлжаллайди. Худодан қўрқмагани ювиндига қўшиб тўкиб юборади. Ҳозиргина “берган ризқу насибасига шукур қилиб, мўл кўллик сўраб” дастурхонга дуо қилдик. Амалда унинг аксини қилсак, нима бўларкан?! Отам насиҳатини олиб, эсимни танигандан буён нонни ҳам, ушоғини ҳам увол қилмайман. Худо берган давлатни шу иш баракотидан деб биламан...
Мен индамадим. Ноннинг уволи тутишини айримларда кўрганман. Мисолда айтишнинг малолидан чўчийман...
Суюндиқ Мустафо Нуротаий,
Навоий вилояти.