Ношукур "жўрам"

– Ҳа, ҳозир қўлни қовуштириб ўтирадиган замон эмасда, жўра, – дедим.

– Мени замон эмас, болалар куй­дир­япти, – деди жони оғриётган одамдай афтини буриштириб, жўрам. – Кичкина бир дўконим бор, шуни тебратиб турибман. Азоби қурсин. Солиқни "катта" қўйишган. Бу томонда болалар косани оқартиришмайди. Қани энди буларнинг хакалак отган нафсини жиловлаб бўлса.

– Шу аҳволингдан нолияпсанми? Ношукур экансанку?! – дедим ажабланиб.

– Нолимай нима қилай, дўстим. Яқинда ўғлим "Нексия"сини "уриб" олди. Тузатиш учун озмунча пул сарфламадим. Бу зумраша нима деди дегин: "Ремонтдан чиққан машинани ўзингиз мининг, менга "Малибу" олиб берасиз", дейди.

– Нима? "Малибу" олиб бермоқчимисан, – дедим ҳайратланиб.

– Ҳа! Юз марта айтдим, олдин участ­кани битириб олайлик, деб. Икки қаватли, ўттиз икки деразали иморатни битказишни ўзи бўладими. Домда пастки қўшнимнинг квартирасини ҳам сотиб олганман. Икки ҳовлини бирлаштиришнинг ўзи бўлмайди, бунгаям пул керак. Етмаяпти-да. Қизимни кўрмайсанми? "Курсдошларим "Спарк" ҳайдаб келаяпти. Менга ҳам олиб берасиз", деб хархаша қилгани қилган. Хотиним-чи? Болаларни йўлга солиш ўрнига, ўзи қилиқ чиқариб туради. Кўзига ёққан нарсани олдирмагунча қўймайди. Шу десанг, қон босимим тез-тез кўтариладиган бўлиб қолди.

Сеники кўтарилмай, меники кўтарилсинми, дедим ичимда.

Шундай бойвачча одам... бекатда, автобусга кўз тикиб ўтирсая, шаъма қилдим, ғашим келиб.

– Такси тўхтатсам ҳам бўларди-ю, чўнтак кўтармайди, жўра. Иккинчидан, таксига минмаганим ҳам яхши бўлди. Сени учратдим, дардлашдим. Ҳозир "ДАН" олдидан келаяпман. Ҳайдовчиликка ўқимоқчиман. У ҳам чиқим экан. Ўғлимга "Малибу" олиб берсам, "Нек­сия" менга қоладиганга ўхшайди. Гапираверсам гап кўп. Жўражон, сени уйга таклиф қилсам бўларди-ю, лекин у ерда "евроремонт" кетаяпти. Бош суқишга ҳам жой йўқ. Гангиб қолганман, жўражонгинам! Ие, хайрият бизнинг автобус ҳам келиб қолди. Кўришгунча, жўрагинам!

...Жўрам тиқилинч автобусга ўзини урди.

– Оббо, ношукр жўрагинамей?!

Абдуазиз ҲОШИМОВ.