Нурободлик тадбиркорларни нима қийнаяпти?
Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилингани ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, соҳа вакилларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этишда муҳим аҳамият касб этяпти. Буни биргина Нуробод туманидаги Бош вазир қабулхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Негаки, қабулхона мудири ҳамда туман ҳокими томонидан тасдиқланган график асосида масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда кунлик қабуллар ўтказилмоқда. Келиб тушаётган ҳар бир мурожаат kb.business.gov.uz порталига киритилиб, тегишли корхона ва ташкилотларга ижро муддати белгиланган ҳолда юборилмоқда ва назоратга олиняпти.
Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркор ва ташаббускорларнинг 325 та мурожаати қабул қилинди. Уларнинг 209 таси тўғридан-тўғри туман қабулхонасида, 45 таси республика ишонч телефони орқали, 34 таси сайёр қабулларда, 4 таси business.gov.uz портали орқали олинди.
Таҳлилларга кўра, 14 та мурожаатда республика, 32 тасида вилоят, 279 тасида туман даражасида ҳал этиладиган муаммолар кўтарилган. Уларнинг 38 таси кредит олиш, 16 таси ер ажратилиши, 84 таси рухсатнома ва лицензия олиш, 12 таси инфратузилма тармоқларига уланиш бўйича 175 таси бошқа масалаларда бўлган.
Мутасадди ташкилот ва идоралар томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг 248 таси ёки 76,3 фоизи ижобий ҳал этилди, 75 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 2 та мурожаат рад этилди.
Қайд этиш лозимки, мурожаатларни кўриб чиқишда белгиланган муддатларга риоя этиш, тадбиркорликка оид тегишли топшириқларни аниқ амалий натижаларга эришилиши таъминланмасдан туриб, юзаки кўриб чиқилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Ш.Абдураҳмонов,
Нуробод тумани тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири.